Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қачон машҳур бўлар Ўзбекистоним?!

Қачон машҳур бўлар Ўзбекистоним?!

Ҳар биримиз Ватанимизнинг ижобий қиёфасини ташувчиси бўлишимиз шарт!

Фото: uz24.uz

Хорижга борган бўлсангиз албатта шу вазиятга дуч келгансиз: қаерлик эканлигингизни сўрашади, «Ўзбекистон» дейсиз фахр билан. Аммо шу пайт ғалати ҳолга тушасиз. Кўпчилик елка қисиб бош силкийди, кимдир билмаса ҳам билгандек бош ирғаб жилмайиб қўяди, энг алам қиларлиси айримлар «Афганистан» ёки «Пакистан» дейди кўзларини катта-катта қилиб.

Тан олишимиз керак, мамлакатимизни чет элдагилар биз хоҳлаганчалик яхши билишмайди!

Хива. Ичанқалъа
Фото: «Mice Uzbekistan»

Хўш, нега шунақа? Ахир биз жаннатмакон дея алқаган, тарихидан ғурурланган, буюк келажагига умид қилаётган ватанимизни танимасликлари алам қиларли эмасми?

Энди оддийроқ тарзда таҳлил қилиб кўрайлик – давлатни аслида нималар ёки кимлар танитади?

1. Машҳур инсонлар: спортчилар, санъаткорлар, олимлар... (масалан, Португалия деса, кўз ўнгимизга Криштиану Роналду келади);

2. Тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар, зиёратгоҳлар (Италияда ҳар бир шаҳар тарихий, Франция пойтахти Париждаги Эйфел минорасини билмайдиган одам йўқ);

3. Дунёга донғи кетган маҳсулотлар: автомобиллар, ҳарбий қуроллар («Мерседес», «BMW» каби автомобиллар немис саноатини дунёга танитган, «Калашников» автомати Россиянинг рамзларидан бири ҳисобланади);

4. Оламшумул воқеалар, тадбирлар: футбол бўйича Жаҳон чемпионати, йирик бокс учрашувлари, оммавий карнаваллар (масалан, Конго пойтахти Киншаса шаҳри Муҳаммад Али ва Форман ўртасидаги жангга мезбонлик қилгани билан ҳам тарихга кира олган);

5. Мафтункор табиат: баланд тоғлар, шаршаралар, ўзига хос ландшафт (Ниагара шаршараси АҚШ ва Канадага сайёҳларни чорласа, Ўрта Ер денгизининг қумли соҳиллари Туркияга туристлар оқимини таъминловчи омиллардан бири ҳисобланади).

Бир қарашда буларнинг бари бизда мужассамдек. Футболчиларимиз жаҳон чемпионатига чиқа олишмаган бўлишса-да, жуссаси кичкинагина Ҳасанбой Дўсматов дунё эътиборини қарата олди. Санъаткорларимизнинг ютуқлари ҳали анча камтарона, нари борса Туркия ва Россияда концерт беришяпти. Анча-мунча хорижий гастроллар ҳам фақат ўзбек аудиториясига мўлжалланган.

«Шарқ тароналари»
Фото: Youtube

Тарихий шаҳарларимиз билан мақтансак арзийди: Самарқанд обидалари Истанбул, Агра каби шаҳарлар билан бемалол беллаша олади, Бухоро ҳам қадим тарихи орқали Римга тенг кела билади.

Маҳсулотларимиз билан ҳозирча кўп жойни забт этганимиз йўқ. Оғир саноатимиз ифтихори бўлган автомобилсозлигимиз ҳам асосан ички бозоримизни тўлдириш билан овора (яна хорижда таклиф этилувчи нархдан қиммат баҳода).

Оламшумул воқеалар ҳам деярли йўқ. Анъана тусини олган «Шарқ тароналари» фестивали номидан ҳам кўриниб турибдики, асосан шарқ эътибори учун ва фақат санъат йўналишида олишади. Футбол чемпионатимиз, тан олайлик, ҳатто ўзимизни ҳам қизиқтирмайди, бошқа спорт турлари бўйича, айтайлик баскетбол, волейбол каби оммавий ўйинлар чемпионатлари ўтказилиш-ўтказилмаслигини ҳам кўпчилигимиз билмаймиз. Спортдаги ютуқларимиз ўта камтарона бўлгани боис, оламшумул чемпионатларни юртимизда ўтказиш бўйича ҳозирча орзу ҳам қилмай турибмиз.

Табиатимиз ўзимизга ёқади. Аммо жаҳон аҳли эътиборини тортгулик ноёб гўшаларимиз, масалан Непал деган давлатни машҳур қилган Жомолунгма каби чўққиларимиз, Венесуэлага чорловчи Анхелдек баланд шаршараларимиз йўқ.

Аммо юқоридаги жиҳатлар борасида биздан анча ортда бўлса-да, ўзининг туристик салоҳияти, узлуксиз тарғиботи, қулай сайёҳлик муҳити билан ўзига меҳмонларни жалб этаётган давлатлар талайгина.

Хўш, Ватанимизни ижобий жиҳатдан танитиш, дунё эътиборини тортиш ва энг муҳими туристларни юртимизга кўпроқ жалб этиш учун нималар қилмоғимиз керак?

1. Тарғибот. Бу вазифа фақат хориждаги элчихоналаримизнинг ҳар замонда ўтказадиган кичик тадбирлари билан чекланиб қолмаслиги лозим. Ҳар қанча баландпарвоз туюлмасин, чет элга чиқувчи ҳар бир юртдошимиз ўз қалбида Ўзбекистоннинг бир бўлагини олиб кетиши ва тақдим эта билиши керак. Ҳар биримиз Ватанимизнинг ижобий қиёфасини ташувчиси бўлишимиз шарт;

2. Тарихий шаҳарларимизнинг фаол рекламаси. Бундай лойиҳаларга киришилган, мисол тариқасида кўҳна Бухоро ролигини олишимиз мумкин. Бир гуруҳ ташаббускорлар томонидан яратилган бу ролик анча омадли ва томошабоп чиққан. Аммо, бу бир ролик бутун мамлакатимиз салоҳиятини қамраб ололмайди. Ҳар бир ҳудуд, ҳар бир шаҳар бўйича бундай медиамаҳсулотлар яратилиши ва етакчи ОАВларда ёритилиши лозим;

3. Махсус дастур бўйича юртимизга ташриф буюрган ҳар бир хорижий сайёҳга Ўзбекистоннинг қандайдир рамзини яратиб, бепул тақдим этиш керак. Масалан, Регистон майдонининг кичик нусхасини ҳар бир меҳмонга тақдим қилиш мумкин. Токи уларнинг ҳар бири тайёр тарғиботчига айлансин;

4. Хорижликлар учун визалар тартибини янада соддалаштириш, етакчи давлатлар учун бутунлай воз кечиш масаласини ўйлаб кўриш лозим (бу масаланинг ўзи алоҳида мавзу);

5. Келган сайёҳларни ҳужжатлар ва чекловлар билан ҳуркитмасдан имкон қадар эркин саёҳат қилишлари учун шароит яратишимиз керак. Чунки суратга олиш, томоша қилиш бўйича ортиқча чекловлар мамлакат тўғрисида хавотир муҳитини яратиши ҳеч гап эмас;

6. Кўпчилик эътирофига сазовор бўлган мазали ошхонамиз бор. «8 тоннали палов» каби акцияларни нафақат ўзимизда, балки хорижда ҳам ўтказиб, бундай тадбирлар ортидан нафақат ошхонамизни, балки бутун юртимиз туристик салоҳиятини кўз-кўз қилишимиз керак.

Мақоламиз бошида Ўзбекистон деганимизда «Афганистан» дея асабимизни бузишлари ҳақида ёзгандик. Албатта, Афғонистон каби нотинчлик ҳудудига айланиб шуҳрат қозонишдан ёмони йўқ. Шунингдек яна бир оғриқли жиҳат: дини ва миллати йўқ айрим террорчиларнинг Ўзбекистонда туғилиб ўсганлари ва манфур қилмишлари ортидан миллатимизни қора қилишга уринганликлари ҳар бир ўзбекнинг қалбига тиғдек ботгани ҳам рост. Бундай танилишдан ҳам Яратганнинг ўзи сақласин.

Истардикки, Шарқ тамаддунида салмоқли ўрин тутган, тинчликпарвар сиёсати, меҳмондўст ва танти халқи билан ҳавас қилгулик Ватанимиз ўзининг эзгу жиҳатлари билан танилса ҳамда меҳмонларни кўпроқ жалб қила билса...

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг