Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Тошкент шаҳри барчага ўрнак бўлиши кераклигини айтди

Президент Тошкент шаҳри барчага ўрнак бўлиши кераклигини айтди

Фото: Президентнинг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни жорий йилнинг биринчи чорагида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиш, биринчи ярим йилликка доир вазифаларни белгилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда Тошкент шаҳрига сармоя жалб этишни кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари учун ер участкалари ва давлат мулки объектлари бериш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Пойтахтимиз тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича барчага ўрнак бўлиши лозимлиги таъкидланди. 

Ҳудудлар ва тармоқларда лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, юзага келган муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал этиш бўйича электрон ахборот тизимини қисқа муддатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. 

Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги ишлар таҳлил қилинар экан, ижтимоий соҳалардаги лойиҳалар аҳоли турмуши учун муҳимлиги, улар ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши кераклиги таъкидланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 4 та, Сув хўжалиги вазирлигида 4 та, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 3 та лойиҳа бўйича ишлар кечикаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Бундай лойиҳаларни мувофиқлаштиришни такомиллаштириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси каби халқаро молия институтлари билан бевосита ишлайдиган вазирлик ва идоралар белгиланди.

Видеоселекторда олий даражадаги ташрифлар якунига кўра тасдиқланган «йўл хариталари» ижросига ҳам эътибор қаратилди. 

Маълумки, улар доирасида 700 га яқин инвестиция битими имзоланган. Ҳисоб палатаси томонидан келишувларнинг маълумотлар базаси яратилган, уларнинг ижроси бўйича мониторинг ва назорат ўрнатилган. 

Президентимиз «йўл хариталари»даги чора-тадбирларни тез ва изчил амалга ошириш, бу борада ҳукуматлараро комиссияларнинг фаолиятини жонлантириш зарурлигини таъкидлади. 

Вазирлар Маҳкамасига ҳар бир давлат билан ҳамкорлик йўналишларининг асосий хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳукуматлараро комиссиялар таркибини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Кейинги йилдан бошлаб инвестиция дастурлари уч йиллик қилиб шакллантирилиши, барча тармоқлар ва ҳудудлар бунга тайёргарликни бугундан бошлаши зарурлиги таъкидланди. 

Муҳокама қилинган масалалар бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг