Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Кувайтда йирик бизнесменлар билан учрашди

Президент Кувайтда йирик бизнесменлар билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Fouad Alghanim & Sons" компанияси раҳбари Фади Хаддадни қабул қилди.

1965 йилда ташкил этилган холдинг автомобилсозлик, қурилиш, энергетика, нефть-газ, савдо, кема қурилиши, авиация, телекоммуникация, туризм ва кўчмас мулк соҳаларида фаолият юритмоқда.

"Fouad Alghanim & Sons" компаниясининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида соғлиқни сақлаш ва таълим объектларини қуриш режалари қўллаб-қувватланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ал-Кувайт шаҳрида "Agility Logistics" компанияси раиси Хенади ал-Солиҳ билан учрашув ўтказди.

1979 йилда ташкил этилган трансмиллий логистика компанияси бу соҳада дунёнинг энг йирик корхоналаридан бўлиб, 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритмоқда. Авиация хизматлари, саноат омборлари, логистика парклари, хизматларни рақамлаштириш каби йўналишларда иш олиб бормоқда.

Учрашувда Кўрфаз мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали етказиб бериш учун Ўзбекистонда қўшма логистика марказини ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳага алоҳида эътибор қаратилди.

Расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ал-Кувайт шаҳрида "Action Group Holdings" компанияси раҳбари Шайх Муборак ас-Сабоҳни қабул қилди.

1998 йилда ташкил этилган холдинг фаолияти кўчмас мулк, нефть саноати, ахборот технологиялари, логистика, қурилиш, таълим, консалтинг ва савдо соҳаларини қамраб олади.

Давлатимиз раҳбари "Action Group Holdings" компаниясининг Ўзбекистонда гидроэлектр станциялари ва ижтимоий уй-жойлар қуриш, минерал ресурсларни қайта ишлаш бўйича режаларини маъқуллади. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев "Kamco Invest" компанияси раҳбари Абдуллоҳ ал-Шарих билан учрашди.

1998 йилда ташкил этилган "Kamco Invest" молиявий компанияси активларни бошқариш, инвестицион банкинг ва брокерлик соҳасида хизматлар кўрсатади. БАА, Саудия Арабистони, Иордания ва Буюк Британияда ваколатхоналари мавжуд.

"Kamco Invest" раҳбарияти билан хусусий компанияларнинг корпоратив фаолияти самарадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда Қўшма инвестиция платформасини яратиш бўйича келишувга эришилди. 


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг