Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси сиқув компрессор станциясининг қурилиш ишлари ҳолатини ўрганиш мақсадида «Жанубий Тандирча» конида бўлди

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси сиқув компрессор станциясининг қурилиш ишлари ҳолатини ўрганиш мақсадида «Жанубий Тандирча» конида бўлди

Аввал маълум қилганимиздек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги корхоналарда табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни ошириш бўйича кўплаб инвестиция лойиҳалари ва чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «2017-2021 йилларда Углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш Дастури» доирасидаги лойиҳалардан бири, Муборак бошқармасининг «Денгизкўл» конида сиқув компрессор станцияси 2022 йил ноябрь ойида қуриб ишга туширилган эди.

Бугунги кунда, Бош пудратчи «Enter Engineering РТЕ. LTD» компанияси томонидан «Шўртан» бошқармасининг «Жанубий Тандирча» конида ҳам сиқув компрессор станциясини қуриш ишлари жаъдал суръатларда олиб борилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида «Ишчи гуруҳ» ушбу лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Жанубий Тандирча конида бўлди.

Ҳозирги кунда, сиқув компрессор станциясини лойиҳалаштириш ишлари тўлиқ якунланган бўлиб, умумий лойиҳанинг прогресси 50% ни ташкил этади.

Станцияда лойиҳа бўйича умумий қуввати 6 МВт бўлган, «Cooper Machinery Services» компаниясининг «Superior 16SGTD» газ поршенли двигателлар билан жиҳозланган 3 та «Superior WH74» русумли газпоршенли компрессорлари ўрнатилади.

Қурилиш майдонида «Шўртан» бошқармаси ва Бош пудратчи «Enter Engineering РТЕ. LTD» компаниясини вакиллари билан лойиҳа бўйича зарур технологик қурилмалар, аппаратларни етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишларини тезлаштириш мақсадида молиялаштириш масалалари мухокама қилиниб, тегишли мутахассисларга зарур вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур станцияни ишга туширилиши «Жанубий Тадирча» конидаги мавжуд табиий газ захираларини янада чуқур ўзлаштириш ва қазиб олинаётган газни 48 км узоқликда жойлашган «Шўртан» сиқув компрессор станциясига ва у орқали «Шўртан бош иншооти»даги газни қайта ишлаш қурилмаларига барқарор етказиб бериш, шунингдек кунлик табиий газ қазиб олиш ҳажмини 500 минг куб метрга ошириш имконини беради.

Энг асосийси эса, «Жанубий Тандирча» конидан қазиб олинаётган кунлик 3,0 млн куб метр табиий газ миқдорлари сақланиб қолиниши таъминланади.

Шунингдек, ўрганишлар давомида бугунги кунда энг долзарб маҳсулот ҳисобланган суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш учун ташкил этилган ишлар ҳам ўрганилди.

Ҳозирги кунда «Шўртан бош иншооти»да 4 та пропан-бутан аралашмалари ажратиб олиш қурилмалари мавжуд бўлиб, қурилмаларга хомашё гази, Газни цеолит блокларида олтингугурт бирикмаларидан тозаланганидан кейин, белгиланган шудринг нуқтага етказилганидан кейин етказиб берилади.

Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режа кўрсаткичларини таъминлаш мақсадида қурилмаларнинг 1, 5-навбатларидаги технологик аппаратларни техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Қурилманинг 1-навбатига узатилаётган хом ашё гази ҳароратини янада тушириш мақсадида мавжуд ҳаво билан совутиш қурилмасига «микроклимат» тизимини ўрнатиш ишлари бажарилди.

Цеолит блокларида 2 дона «газ-газ» ҳарорат алмаштириш ускуналарини таъмирлаш ва совутиш тизимини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. «Шўртан газ кимё мажмуаси» ва «Uzbekistan GTL» заводларини хом ашё гази билан барқарор таъминлаш мақсадида «Шўртан бош иншооти»дан кимё мажмуасигача 33 км газ қувурини қуриш ишлари ҳам амалга оширилди.

Бу эса ўз навбатида «Шўртан газ кимё мажмуаси» ва «Uzbekistan GTL» заводида ҳам суюлтирлган газ, полиэтилен ва синтетик нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлашга олиб келади.

Газдан пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмаларда бошқарма конларидан қазиб олинаётган табиий газ билан биргаликда маҳсулот тақсимотига оид битим ҳамда шартномалари асосида «ЛУКОЙЛ – Ўзбекистон Оперейтинг Компани» қўшма корхонаси ва «EPSILON DCC» хорижий корхоналари томонидан етказиб берилаётган табиий газни ҳам қайта ишлаш билан суюлтирилган газ ишлаб чиқариш хизмати кўрсатилади.

2022 йилда «Шўртан» бошқармасида жами 335,7 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди, шундан «Шўртан» бошқармаси гази ҳисобидан эса 192,9 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, режага нисбатан 17,2 минг тонна ортиқ ёки режа кўрсаткичи 109,7 % га бажарилиши таъминланди.

Шундан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун узлуксиз равишда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳудудий филиалларига 158,3 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Бошқарув раиси томонидан, «Шўртан» бошқармасида байрам арафасида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш учун берилган топшириқлар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан жойидан яқиндан танишди, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, байрам кунларида Республика аҳолисини тайёр маҳсулот билан таъминлашда катта ҳиссасини қўшаётган ишчи-ходимларга миннатдорчилик билдирди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг