Ўзбекистонда янги «молиявий пирамида» аниқланди
Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига фуқаролар томонидан Telegram мессенжери платформасида фаолият юритаётган Unique Finance Nasdaq канали ва NASDAQ UNIQUE FINANCE UZB гуруҳи фаолиятининг қонунийлиги тўғрисида маълумот бериш бўйича мурожаатлар келиб тушган.
Таъкидланишича, канал ва гуруҳ эгалари фуқароларнинг маблағларини https://unique.finance/ сайти орқали йирик компанияларнинг акцияларига сармоя киритиш учун жалб қилишади. Шунингдек, канал ва группа эгалари томонидан агентлик логотипидан, фото ва видео материалларидан фойдаланиш ҳоллари кўплаб учрайди.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги хабар беришича, канал ва гуруҳ эгалари томонидан сармоя киритган фуқароларга барқарор ва юқори даромад, шунингдек бошқаларни ҳам сармоя киритишга ундаб, жалб қилишгани учун қўшимча бонуслар ва мукофотлар ваъда қилинади. Янги иштирокчиларни жалб қилиш оқибатидаги олинган даромад миқдори эса акцияларга киритилган сармоядан олинадиган даромад миқдоридан ошиб кетиши имконияти мавжуд.
Мисол учун, сайтга сармоя киритган иштирокчига ўзидан сўнг яна 3 та иштирокчи жалб қилса, ҳамда уларнинг ҳар бири кириш бадали ҳисобланган 5 000 АҚШ доллари миқдорида сармоя киритса, 1000 АҚШ доллари миқдорида мукофот олиши мумкинлиги ҳамда ўзи жалб қилган иштирокчиларининг даромадидан 5% миқдорида бонус олиб туриши ваъда қилинади.
Канал ва гуруҳ аъзолари янги иштирокчиларни жалб қилиш жараёнида намойиш қиладиган unique.finance веб-сайти контенти асосан капитал бозори соҳасидаги маълумот ва ўқув материалларидан, шунингдек сайт томонидан ташкил килинадиган онлайн тренинглар ҳақидаги маълумотлардан иборат.
Керакли минимал миқдордаги маблағни (5000 АҚШ долларини) киритиб, рўйхатдан ўтган иштирокчига Apple, Yahoo, Microsoft каби 16та компаниядан бирининг акцияларини сотиб олиш имконияти ҳамда акциялар сотиб олинганидан сўнг улар иштирокида автоматик тарзда спекулятив савдолар ўтказилиши тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.
Аслида, иштирокчи ҳеч қандай акция эгасига айланмайди, сайт эса фонд бозорида мижознинг қимматли қоғозлари билан операцияларни амалга оширмайди. Иштирокчига кўрсатиладиган унинг ҳисобидаги акциялари ҳамда улар иштирокидаги спекулятив савдолар эса тақлид (имитация) ва ёлғон маълумотлардир.
Ўрганиш давомида Агентлик томонидан юқоридаги сайт, канал ва гуруҳ фаолиятида «молиявий пирамида»нинг кўплаб белгиларини аниқлади. Бундан ташқари, сайт бир қатор мамлакатларнинг назорат органлари томонидан «молиявий пирамида»лар реестрига киритилганлиги аниқланди.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларга мулкий зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида, Агентлик юқорида кўрсатилган манбалардан материалларни республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўриб чиқиш учун юборди.
Агентлик фуқароларни юқоридаги сайт, телеграм канал ва гуруҳ фаолиятида «молиявий пирамида» белгилари мавжудлиги ҳамда уларнинг фаолияти қимматли қоғозлар бозори билан боғлиқ эмаслиги ҳақида огоҳлантиради.
Агентлик, шунингдек, фуқароларга сармоя киритишда эҳтиёткор бўлишни ва таклиф қилинган лойиҳаларда «молиявий пирамидалар»нинг қуйидаги белгилари мавжудлигини текширишни тавсия қилади:
- бозор даражасидан бир неча баравар юқори бўлган даромаднинг ваъда килиниши;
- даромаднинг кафолатланиши (қимматли қоғозлар бозорида тақиқланган);
- янги иштирокчилар киритган пулнинг қайсидир қисми олдинги иштирокчиларга даромад тариқасида берилиши;
- ташкилотнинг молиявий ҳолати тўғрисида бирон бир маълумот йўқлиги;
- ташкилот фаолиятининг аниқ таърифи йўқлиги;
- капитал бозорида фаолият олиб бориш учун лицензиянинг йўқлиги ёки Капитал бозори агентлиги реестрларида ташкилот ҳақида маълумотларнинг мавжуд эмаслиги;
- оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоқларида юқори даромад келтириш билан боғлиқ бўлган агрессив реклама қилиниши.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter