Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қанча?
Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, 2018 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 млн 684 минг сўмни ташкил этган.
Бунда иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам қўшиб ҳисобланган. Яъни ушбу сумма ходимнинг қўлига келиб тушган сумма эмас, балки халқ тили билан айтганда «начисление» ҳақида гап кетмоқда, дея шарҳ берди «Xushnudbek.uz» канали.
Таълим соҳасида 21 858та муассасада 998,2 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 38,3 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 11 трл 461 млрд сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 29,0 фоизни) ташкил этган. Таълим соҳасида ўртача ойлик — 1 млн 275 минг сўм.
Саноат иқтисодий фаолият турида 603та корхонада 457,1 минг нафар (17,5 фоиз) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 10 трл 495 млрд сўмни (26,5 фоиз) ташкил этган. Ушбу соҳада ўртача ойлик — 2 млн 550 минг сўм.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида 1414та муассасада 431,4 минг нафар (16,5 фоиз) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 4 трл 215 млрд сўмни (10,7 фоиз) ташкил этган. Ушбу соҳада ўртача ойлик — 1 млн 86 минг сўм.
Молиявий ва суғурта фаолияти иқтисодий фаолият турида 172та муассасада 67,2 минг нафар (2,6 фоиз) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 1 трл 943 млрд сўмни (4,9 фоиз) ташкил этган. Мазкур соҳада ўртача ойлик — 3 млн 213 минг сўм.
Ташиш ва сақлаш иқтисодий фаолият турида 203та корхонада 115,7 минг нафар (4,4%) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 2 трл 458 млрд сўмни (6,2%) ташкил этган. Мазкур соҳада ўртача ойлик — 2 млн 361 минг сўм.
Қайси соҳада ойлик қанчага ошган?
2017 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача ойлик иш ҳақи қуйидагича ошган (кетма-кетликда):
- Саноат — 28,6 фоиз.
- Молиявий ва суғурта — 27,6 фоиз.
- Ташиш ва сақлаш — 23,7 фоиз.
- Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш — 17,7 фоиз.
- Таълим — 17,1 фоиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter