Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда «блокчейн» учун махсус ҳудуд ташкил қилинади

Ўзбекистонда «блокчейн» учун махсус ҳудуд ташкил қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарор лойиҳаси крипто-активлар айланмасини ривожлантириш ва «блокчейн» технологиясини жорий этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда норматив-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳада «Регулятив ҳудуд»ни яратиш масаласи кўтарилади.

Мазкур технологиянинг 10 йилдан ортиқ вақт давомида мавжудлигига қарамай, жаҳон амалиётида ҳали крипто-активлар айланмаси, шу жумладан крипто-активларни ишлаб чиқариш (майнинг), уларни яратиш ва бозорга чиқариш, крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш каби масалаларни норматив-ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқилмаган.

Шу билан бирга, давлатлар олдида крипто-активлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш, шу жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ноқонуний даромадларни ўзлаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни минималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда, тўғри тартибга солиш сиёсатини шакллантириш билан боғлиқ янги муаммолар келиб чиқмоқда, уларни ҳуқуқий тартибга солиш учун янгича услубий ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб қилинади.

Жаҳон тажрибасига кўра, ушбу масаланинг самарали ечимларидан бири бўлиб, пилот лойиҳаларни амалга ошириш, уларни тартибга солиш усуллари ва механизмларини синаб кўриш бўйича ҳуқуқий экспериментларни ўтказиш учун махсус «Регулятив ҳудуд»ни яратиш ҳисобланади.

Инновацион технологиялар соҳасида муҳим ютуқларга эришган кўплаб мамлакатларда бундай «Регулятив ҳудуд»лар яратилган. Масалан, улар Буюк Британия, Сингапур, Нидерландия каби мамлакатларда янги молиявий маҳсулотлар ва хизматларни жорий этиш учун ташкил қилинган.

Қарор лойиҳасида «Регулятив ҳудуд»ни яратишнинг асосий мақсадлари ва вазифалари келтирилган.

Мазкур лойиҳага кўра, «Регулятив ҳудуд»нинг резиденти мақоми, уларнинг жойлашган жойидан қатъий назар, экстратерриториаллик тамойили асосида, Ўзбекистон Республикаси резедентлари-юридик шахсларга берилиши мумкин.

Бунда, потенциал резидентлар «Регулятив ҳудуд»да амалга ошириш ва синаш учун таклиф этилган крипто-активлар айланмаси ёки «блокчейн» соҳасидаги ноёб технологияларига (маҳсулотларига, хизматларига) эга бўлишлари, ёки оммабоп технологиялардан фойдаланишда инновацион ёндашув қўлланилаётганлигини исботлашлари, аниқ мақсадлар кўрсатилган бизнес-режага, хавфларни баҳолаш тўғрисида ҳисоботга ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар режасига, ва бошқа бир қатор мезонларга эга бўлишлари лозим.

Пилот лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида резидентларга 12 ой вақт берилади, ушбу давр мобайнида зарур тартибга солиш механизмлари ишлаб чиқилади. Жоиз бўлганда, мазкур муддат 24 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

«Регулятив ҳудуд»нинг муҳим афзаллиги шундан иборатки, синов давомида, унинг резидентлари, истисно тарзида, амалдаги маълум бир қонун талабларига риоя қилишдан озод қилиниши мумкин (бундай нормалар рўйхати ваколатли орган билан келишилган бўлиши лозим).

«Регулятив ҳудуд» резидентларига, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари – субъектлар билан, хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар (таклифлар, битмлар) тузиш ҳуқуқини тақдим этилади, бунда, «Регулятив ҳудуд» доирасида қабул қилинган ҳуқуқий нормаларга амал қилаётган бўлса, келишув шартлари амалдаги қонунчилик нормаларидан четга чиқиши мумкин бўлади.

Бироқ, компаниялар мазкур тартибларга риоя қилмаган тақдирда, «Регулятив ҳудуд» резиденти мақомидан айриладилар.

«Регулятив ҳудуд»нинг оператив бошқаруви Дирекция томонидан амалга оширади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг