Ўзбекистон ва Япония ўртасида Қўшма баёнот имзоланди
Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида солиқ ва божхона соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, йирик инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган битимлар алмашилди.
Булардан ташқари, Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида иқтисодиёт, саноат, туризм, илм-фан, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, меҳнат миграцияси, таълим ва спорт соҳаларида, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик бўйича ўндан зиёд ҳужжат қабул қилинди.
Шундан сўнг икки мамлакат етакчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.
Давлатимиз раҳбари Япония билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва янада кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
– Бугун сиёсий, парламентлараро алоқалар, савдо ва инвестиция, инновация, кичик ва ўрта бизнес, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилдик ҳамда муҳим келишувларга эришдик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ташриф доирасида Япониянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан йирик лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди. Бу лойиҳалар аввало Япониянинг илм-фан ва юқори технологиялар соҳасидаги илғор ютуқларини Ўзбекистон иқтисодиётига жорий этишга қаратилгани билан айниқса эътиборлидир.
Япония Бош вазири, ўз навбатида, президент Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Имзоланган салмоқли ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий, маданий-гуманитар алоқалар кенгайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.
– Биз жаноб президент билан, Қўшма баёнотга асосланиб, Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ҳамма соҳаларда ривожлантириш бўйича елкадош бўлиб ишлаймиз, – деди Синдзо Абэ.
Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг ёндашувлари яқинлиги яна бир бор тасдиқланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter