Ўзбекистон – Германия: товар айирбошлаш ҳажми бир миллиардлик довондан ошди
2023 йил якунига кўра Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Германия сармояларининг ўзлаштирилган ҳажми эса 913,2 миллион еврони ташкил этди.
Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Германиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер учрашувида қайд этилди.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, музокарада икки томонлама шерикликнинг бугунги ҳолати, олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Вазир ва элчи савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилишни тасдиқлаб, ўзаро савдони янада кенгайтириш ва диверсификация қилишга келишган.
Ўзбекистонда олмониялик ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган 100 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда Германия капитали иштирокида 215 та корхона, жумладан, 112 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият кўрсатмоқда. Ҳамкорлар орасида «CLAAS», «Knauf», «Gunter Papenburg», «Linde Group» ва «Falk-Porsche-Technik» каби Германия иқтисодиётининг локомотивлари ҳам бор.
Берлин Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил май ойидаги Германияга сафари давомида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган. Қўшма бизнес-форум якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter