Нуротада қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади
Президентнинг «Навоий вилояти Нурота туманида қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қайд этилишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 2 апрелда Лойиҳа компаниясининг мажбуриятларини назарда тутувчи инвестиция битими имзоланган.
Инвестиция битимига мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:
- инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Навоий вилояти Нурота туманида қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ҳамда эксплуатация қилиши;
- юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммаларига олган ҳолда, жами дастлабки баҳолаш бўйича 179 млн АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши белгиланган.
Шунингдек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олган ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter