Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мурожаатдан муддао нима эди? Кенгаш масъули изоҳ беради

Мурожаатдан муддао нима эди? Кенгаш масъули изоҳ беради

Фото: «Xabar.uz»

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётидаги етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Унинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши тахминан 32 фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг юртимиз экспортидаги улуши эса 20-25 фоизни ташкил этади. Бу аграр тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Бироқ, соҳани янада ривожлантириш ва фермерлар даромадини ошириш учун ҳали бир қатор фойдаланилмаган имкониятлар бор. Бу биринчи навбатда, савдони янада либераллаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига агробизнеснинг рақобатбардошлигини оширишни кўзда тутадиган қулай агробизнес-муҳити ва қўшимча қиймат занжирини яратиш билан боғлиқдир.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг буғдой, ун ва нон нархларини либераллаштириш чақириғи билан қилган мурожаати айнан шунга қаратилган эди. Яъни, фермер хўжаликларига буғдойни контрактация шартномаларида кўрсатилган ҳажмдан ортиқ мустақил сотиш ҳуқуқини тақдим этиш ана шундай механизмлардан бири. Бу дон етиштираётган фермерлар ва деҳқонларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ўз меҳнатига яраша даромад олиши ва буғдой ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.

Бу вазиятда нарх-навони либераллаштириш жараёни комплекс равишда ҳал этилиши зарур. Бунинг учун эса, бир қатор жараённи изчилик билан амалга ошириш талаб этилади:

  1. Фермер хўжаликлари, буғдойни қайта ишлаш корхоналари ва истеъмолчилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни изчил равишда бозор механизмларига ўтказиш;
  2. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида буғдойни харид нархларини ўрнатиш амалиётидан воз кечиб, талаб ва таклиф асосида шаклланган эркин нархлар бўйича сотиш;
  3. Буғдой ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар бериш тизимини такомиллаштириш;
  4. Ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буғдой етиштириш учун зарур бўлган бошқа ресурсларни етказиб беришни бозор механизмларига тўла ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш;
  5. Буғдой, ун ва нон нархларини либераллаштириш жараёнида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳимоя қилиш бўйича изчил чоралар кўллаш.

Қисқаси, ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрлардаги каби «Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мурожаат орқали нархларни оширишни» мақсад қилгани йўқ. Аксинча, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирганларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқда, холос.

Ж.Раҳмонов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгашининг
жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг