Мирзиёев қиймати 42 миллион долларлик керамика заводини кўздан кечирди
Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Чилонзор туманига ташрифи чоғида «Ориент керамик» корхонасини бориб кўрган, унинг фаолиятини кенгайтириш муҳимлигини айтган эди.
Шундан сўнг Сергели тумани ҳудудида яна бир завод қурилиб, хориждан илғор технология келтириб ўрнатилди. Корхона шу йил июнь ойида фаолият бошлаб, 450 киши иш билан таъминланди.
Президент Шавкат Мирзиёев унинг иш жараёни билан танишиб, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди.
Бу лойиҳанинг қиймати 42 миллион доллар бўлиб, йилига 10 миллион квадрат метр кафель ва керамогранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар деярли юз фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланиши боис хорижникидан бир неча баробар арзон. Уларнинг сифатли, турли ранг ва ҳажмда экани бозорбоплигини таъминламоқда.
Илгари бундай катта ўлчамдаги керамогранит кафеллар юртимизга импорт қилинар эди. Энди уларнинг ўрнини тўлдириш билан бирга, маҳсулотларнинг ярмини экспорт қилиш ҳам мумкин.
Давлатимиз раҳбари ушбу корхона тажрибаси асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.
Шу ерда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот бўлди. Улар тадбиркорлик, бандлик, бунёдкорлик лойиҳалари юзасидан ахборот берди.
– Ислоҳотларимиз, ҳудудларга бераётган имкониятларимиз натижасида ҳокимларнинг дунёқараши ўзгараяпти. Бугун Тошкент туманлари катта-катта марралар қўйяпти. Энг катта масалалар – ишсизликни камайтириш, инвестиция олиб келиш ва экспорт. Мана, «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурини бошладик. Бу ҳам аҳоли, ҳам тадбиркорлар учун катта имконият. Яна бир муҳим вазифа – «Яшил макон» умуммиллий лойиҳамиз. Кўчат экиш, боғ яратиш ишларини давом эттириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, одамларнинг дам олиши учун шароит ташкил қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбиркорлик, рақамлаштириш, хизматлар соҳасида хориж тажрибасини ўрганиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter