Мебел ишлаб чиқаришга ихтисослашган 15 та кичик саноат зонаси ташкил қилинади
«Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–5155-сон, 21.06.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳудудларда кластер усулида мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари (15 та) ташкил қилинади.
Кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонлари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.
Кичик саноат зоналарини ташкил қилиш учун ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.
Қуйидаги харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади:
- 2021–2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хомашё (ТИФ ТН бўйича 4410 ва 4411 кодлари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи миқдорида;
- 2024 йил 1 январгача мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга мебель маҳсулотларини барча давлатларга, шу жумладан қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5 фоизидан, темир йўл транспортида 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида.
2023 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган айрим хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.
Шунингдек, 2022 йилдан ҳар йили май ойида Мебель халқаро савдо кўргазмаси («Uzbek International Furniture Fair») ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter