Шавкат Мирзиёев: «Корхоналар дори ишлаб чиқариш ўрнига тайёр маҳсулотни олиб келмоқда»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 6 февраль куни фармацевтика соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда соҳадаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар ижроси қониқарли эмаслиги таъкидланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
— Фармацевтика корхоналарининг аксариятида замонавий технологиялар умуман қўлланилмайди, дори субстанциялари ишлаб чиқаришга умуман эътибор йўқ, — деди Шавкат Мирзиёев. — Корхоналар тўлиқ циклда маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ўрнига, ҳали ҳам асосан хориждан тайёр маҳсулотларни олиб келиб, қадоқлаш билан шуғулланяпти.
Йиғилишда таъкидланганидек, мавжуд 94 та корхонадан 12 тасигина маҳсулотининг бошқа давлатларда тан олинишини таъминлайдиган GMP — «яхши ишлаб чиқариш амалиёти» халқаро сертификатига эга. Буни кенгайтириш бўйича тармоқ раҳбариятида ташаббус етишмаяпти. Оддий мисол, йиллар давомида қизилмия илдизини чуқур қайта ишлашга умуман эътибор берилмаган. Ўтган йил охирида Қорақалпоғистонга ташриф давомида топшириқ берилганидан кейингина Қизилмия етиштирувчилар ва қайта ишловчилар уюшмаси тузилди.
Бу масалани алоҳида назоратга олиш кераклиги, ҳамма фақат ёввойи қизилмия илдизини йиғиш билан шуғулланмасдан, плантацияларни ташкил этиш ва илдизни чуқур қайта ишлаб, дори субстанциялари ва воситалари ишлаб чиқаришга ўтиш зарурлиги қайд этилди.
— Давлат тиббиёт муассасаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш аҳволи ҳам қониқарсизлигича қолмоқда. Аҳоли бу ислоҳотлардан кутилган натижаларни ҳали умуман сезаётгани йўқ. Буни оммавий ахборот воситаларида бирон-бир ижобий муносабат билдирилмаётганидан ҳам билса бўлади, — деди Президент.
Йиғилишда давлат томонидан барча имкониятлар яратилганига қарамай, бу борадаги ишларни ташкил этиш суст кечаётгани, айрим муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани танқид остига олинди.
Мамлакат ички бозорида дори-дармонлар нархларининг барқарорлигини таъминлаш, уларнинг сунъий қимматлашувининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш вазифаси қўйилди.
Фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналарнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ушбу зоналарни барча зарур коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Соҳада яратилаётган ишланмаларни амалиётга жорий этишни жадаллаштириш мақсадида Тошкент фармацевтика институтида ўқув-илмий лаборатория ва тажриба-ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда фармацевтиканинг тор йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш, соҳа ходимларини хорижий фармацевтика корхоналарида малака оширишини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter