Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тадқиқот: камбағаллик қандай мезонлар асосида баҳоланади?

Тадқиқот: камбағаллик қандай мезонлар асосида баҳоланади?

Фото: Xabar.uz

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари камбағаллик масаласи бўйича аҳоли фикрини ўрганди.

Камбағаллик даражасини ҳисоблашнинг кенг тарқалган усули бу инсон учун кунлик зарур бўлган минимал озиқ-овқат маҳсулотлари калорияси нархи асосида минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш орқали камбағалликнинг монетар чегарасини аниқлашдир.

Аммо, ҳозир кўп тадқиқотчилар ва амалиётчилар камбағаллик фақатгина монетар чегара билан аниқланмайди, у инсоннинг ҳаёт кечириш сифатини белгиловчи турли омиллар йиғиндисидан ташкил топган, яъни кўп ўлчовли, деб ҳисоблайди.

Масалан, Камбағаллик ва инсон потенциалининг ривожланиши муаммолари бўйича Оксфорд унверситети ташаббуси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Глобал кўп ўлчовли камбағаллик индексида камбағалликни ҳисоблашда овқатланиш, болалар ўлими, таълим давомийлиги, мактабга бориш, таом тайёрлашада ишлатиладиган ёнилғи тури, санитария ҳолати, ичимлик суви, электр таъминоти, уй-жой билан таъминлангалик ва моддий активлар каби индикаторлардан фойдаланилади.

Амалиёда ҳар бир давлат аҳолисининг яшаш тарзи ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг Миллий кўп ўлчовли камбағаллик индексини (МКИ) ишлаб чиқади. Миллий камбағаллик индекси индикаторларини танлаб олишда асосан қуйидаги усул ёки бир неча усуллар комбинациясидан фойдаланилади:
- Аҳолининг камбағаллик ҳақидаги фикрини чуқур ўрганиш;
- Экпертлар, тадқиқотчилар ва амалиётчилар орасида кўпсонли муҳокамалар ёрдамида аниқлаш;
- Миллий стратегиялар ва концепциялар асосида;
- Мавжуд назарий билимлар асосида.

ПМТИ экспертлари аҳолининг камбағаллик ҳақидаги фикрини ўрганиш асосида Миллий кўп ўлчовли камбағалликнинг мезонларини аниқлаш мақсадида Навоий вилоятида аҳоли ўртасида (300 та хонадон) сўров ўтказди.

Сўров натижаларига кўра, Навоий вилояти аҳолиси камбағаллик белгилари сифатида биринчи ўринда ишсизлик, шахсий уйининг йўқлиги, тўйиб овқатланмаслик, саводсизлик, кейинги ўринларда эса сурункали касалликларнинг кўп бўлиши, болаларнинг мактабга бормаслиги, мавсумий бандлик, гўшт ва тухумнинг кам истеъмол қилиниши, болаларнинг касалликдан вафот этиши ва болаларнинг даромад топиш учун меҳнат қилиши каби индикаторларни аҳамиятли, деб топди. Ушбу ҳолат аҳолининг турли қатлам вакиллари учун қайта ҳисобланганда ҳам сақланиб қолди.

Олинган натижалар Камбағаллик ва инсон потенциалининг ривожланиши муаммолари бўйича Оксфорд унверситети ташаббусида Дастурлар ва операциялар бўйича директор сифатида фаолият юритувич Корин Митчел хоним томинидан ижобий баҳоланди.

Аниқланган натижалар асосида таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистонда камбағалликка таъриф бериш, унинг даражасини камайтириш борасида самарали сиёсат юритиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда комплекс ёндашув ва бир пайтнинг ўзида турли йўналишларни қамраб олган хатти-ҳаракатлар талаб этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг