Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иқтисодий фаоллик борасида пойтахт пешқадам. Ундан кейин...

Иқтисодий фаоллик борасида пойтахт пешқадам. Ундан кейин...

Фото: «DR»

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан ишлаб чиқилган методология асосида мамлакатнинг 14 та ҳудуди бўйича 2021 йилнинг июнь ва июль ойлари учун «Ҳудудларда иқтисодий фаоллик барометри» баҳоланди ва ҳудудлар рейтинги тузилди.

ИФБ жорий йилнинг маълум бир даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳудудлар ўртасида кузатилган иқтисодий фаоллик даражасини кўрсатади ва у ҳар ойда ҳисоблаб борилади.

Баҳолаш натижаларига кўра, 2021 йилнинг январь-июль ойларида Тошкент шаҳри энг юқори фаоллик барометри индекси (0,707) билан рейтингда 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни Самарқанд (0,613) ва Сирдарё (0,610) вилоятлари эгаллади.

Иқтисодий фаоллик барометри Навоий (0,370), Сурхондарё (0,391) ва Андижон (0,468) вилоятларида нисбатан паст бўлди ва улар мос равишда рейтингда паст ўринларни эгаллади.

ИФБни баҳолашда қуйидаги йўналишлар бўйича кўрсаткичлардан фойдаланилди.

  1. Ишлаб чиқариш фаоллиги – ҳудудда саноат маҳсулотлари ва истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари, хизмат кўрсатиш ва чакана савдо айланмаси ҳажмларидаги ўсиш суръатларини ифодалайдиган 5 та кўрсаткич.
  2. Тадбиркорлик фаоллиги – фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари, янги ташкил этилган ва фаолиятини тугатган кичик бизнес субъектлари сонининг ўсиш суръатлари, фаолият юритмаётган ва фаолияти ихтиёрий тугатиш жараёнидаги кичик бизнес субъектларининг рўйхатдан ўтган жами кичик бизнес субъектлари сонидаги улушини ифодалайдиган 5 та кўрсаткич.
  3. Ташқа савдо фаоллиги – товар ва хизматлар экспорт-импорт ҳажмларининг ўсиш суръатларини ифодалайдиган 2 та кўрсаткич.

ИФБни ҳисоблашда нисбий фарқлар ва ўзаро таққослаш услубларидан фойдаланилди ва ИФБ кўрсаткичи интеграл индексда ифодаланди. Бунда, «0»дан «1»гача қийматга эга бўлган интеграл индекс қанча «1»га яқин бўлса, жорий фаоллик даражаси шунча юқорилигини англатади ва аксинча.

2021 йилнинг январь-июль ойлари учун ҳисобланган иқтисодий фаоллик барометри (индексда)

Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилояти ишлаб чиқариш (0,749-0,861) ва ташқи савдо фаоллиги (0,671-0,716) ҳамда Самарқанд вилояти ташқи савдо (0,715) ва тадбиркорлик (0,676) фаоллиги нисбатан юқори кўрсаткичларга эга бўлганлиги сабабли ИФБ бўйича рейтингда юқори ўринларни эгаллади.

Навоий вилоятида ишлаб чиқариш (0,254) ва ташқи савдо фаоллиги (0,395), Сурхондарё ва Андижон ишлаб чиқариш (0,273-0,402) ва тадбиркорлик (0,367-0,469) фаоллиги омиллари сабабли ушбу ҳудудларда фаоллик барометри нисбатан паст бўлди.

Шунингдек, тадқиқотда 2021 йилнинг январь-июль даврида январь-июнь даврига нисбатан ИФБнинг ўзгариши баҳоланди.

Унга кўра, ижобий ўзгаришлар Тошкент шаҳри (+0,043), Хоразм (+0,077), Фарғона (+0,040), Андижон (+0,039), Навоий (+0,035) вилоятларида кузатилди. Бунинг натижасида, Хоразм (+4), Самарқанд (+1), Фарғона (+1) ва Бухоро (+1) вилоятлари ИФБ бўйича тузилган рейтингда ўз ўринларини яхшилашга эришди.

Шунинг билан бирга, Сирдарё (-0,033), Жиззах (-0,008) ва Сурхондарё (-0,002) вилоятларида ИФБда пасайиш кузатилди.

ИФБни ҳар ойда ҳисоблаш ҳудуд иқтисодиётини мунтазам диагностика қилиш, фаоллик пасайишига таъсир кўрсатувчи омилларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни яъшилаш бўйича чоралар кўриш, ҳудудлар ўртасида фаол рақобатни яратиш, бунинг натижасида эса фаоллик барометрини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.

Иқтисодий фаоллик барометрини ҳисоблаш методологияси ва ҳисоб-китоблар бўйича батафсил маълумот ПМТИга мурожаат этилганда тақдим этилиши мумкин.

Шерзод Отабоев,

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, PhD

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг