«Ипотека-банк»нинг навбатдаги «Минор» банк хизматлари маркази очилди
Бугун, 6 декабрь куни Юнусобод туманида «Ипотека-банк»нинг «Минор» банк хизматлари маркази фойдаланишга топширилди.
Мазкур марказда аҳоли ва мижозларга барча банк хизмат турлари ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 9-00 дан 19-00 гача ва шанба куни соат 9-00 дан 17-00 гача кўрсатилади.
Бундай бўлинмалар тармоғини ривожлантириш аҳолига янада яқинроқ бўлиш, ўз мижозлари ҳаётида фаол иштирок этиш, уларга бизнес юритиш ва шахсий маблағларни бошқаришда маслаҳатлар ҳамда ёрдам бериш сингари мақсадларни кўзлайди. Дарҳақиқат, бу нафақат мижозларга яқинроқ бўлиш, балки улар муваффақиятининг бир қисмига айланиш имконини беради.
Янги банк хизматлари марказлари очиш лойиҳаси устида Халқаро молия корпорацияси экспертлари, хорижий маслаҳатчилар ҳамда банкнинг турли бўлинмаларидан ташаббускор жамоа иш олиб борди. Бунда энг асосийси мижоз билан банк ходими ўртасидаги барча тўсиқлар тўлиқ бартараф этилди. Мижоз электрон навбат қурилмасидан фойдаланган ҳолда келиб жойлашиши билан банк ходими унинг олдига ўзи келиб хизмат кўрсатади.
– Аҳоли хизматларимиздан фойдаланса, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилсак хурсанд бўламиз, – деди «Ипотека-банк» АТИБ Бошқарув Раиси Элёр Иномжонов. – Биз ҳар бир филиални очишдан аввал аҳоли гавжумлигини ҳисобга оламиз. Янги офислар лойиҳаси мижозларга хизмат кўрсатиш форматини ўзгартириш, мижозларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, мижозларга маслаҳатлар бериш ва ўзига ўзи хизмат кўрсатиш, уларнинг банк хизматларига бўлган эҳтиёжларини оқилона қондириш ва банк брендини, нуфузини оширишга қаратилган.
Лойиҳани ишлаб чиқиш асносида хорижий банклар тажрибаси ўрганилган. «Ипотека-банк»нинг янги флагманлик банк хизматлари марказлари анъанавий банк филиалларидан тубдан фарқ қилади. Жумладан, хоналарни жойлаштириш тамойилларини ўзгартириш ва уларни музокаралар ўтказиш жойига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган. Банк жамоаси мижозларга хизмат кўрсатиш учун максимал даражада қулай шароитлар яратишга астойдил ҳаракат қилди.
Банкнинг янги бизнес модели диққат марказида мижоз бўлиб, барча амалиётлар ҳамда банк маҳсулотлари унинг атрофида яратилади. Хар бир маҳсулот мижоз эҳтиёжини ўрганган ҳолда, ушбу эҳтиёжни қондириш тамойили асосида яратилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter