HUMO билан боғлиқ муаммоларга расмий изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда барча пенсия олувчиларининг HUMO карталарига ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалмоқда. Шунингдек, 7 ва 8 май кунлари POSтерминаллари орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар кузатилди. Миллий банклараро процессинг маркази ушбу масалаларга расмий баёнот берди.
Баёнотда қайд этилишича, қай турдаги картани чиқариш ва уни кимга беришга оид қарорлар банк фаолияти доирасида қабул қилинади. МБПМ карталарни фақатгина банк томонидан берилган буюртмадаги миқдорга асосланиб чиқаради.
Бугунги кунгача, Халқ банки маълумотига кўра, пенсия олувчилар учун жами 1 228 000 (бир миллион икки юз йигирма саккиз минг) карта чиқарилган, улардан фақат 391 000таси, яъни 32%и HUMO карталаридир.
7 ва 8 май кунлари, соат 11:00 дан 13:00 оралиғида POSтерминаллари орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар кузатилди. Бунга – пул маблағларини пенсия карталарига ўтказиш операцияларининг шиддатли равишда ўсиши, шунингдек банк кассалари ва банкоматлари орқали пул маблағларини нақдлаштириш хизматларига талабнинг юқорилиги сабаб бўлди.
Буларнинг барчаси кескин ва қисқа муддатли носозликларга, яъни натижасиз банк операциялари сонининг ўсишига сабаб бўлди. Аммо бу вазият банкоматлар ёки электрон тўлов тизимилари фаолиятига таъсир кўрсатмади. Айни дамда, процессинг маркази қувватларини кенгайтириш ва дастурий таъминотни яхшилаш бўйича узлуксиз иш олиб борилмоқда, – дейилади баёнотда.
Шунингдек, МБПМ Халқ банки билан ҳамкорликда пенсия олувчи мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилаётгани, банкоматлар ҳудудий қайта ўрнатилаётгани ва қўшимча кассалар очилаётгани маълум қилинган.
«Карта эгаларига юзага келган вазият учун узрларимизни билдирамиз. HUMO – нисбатан янги тизим, уни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Биз бор кучимиз билан мижозларимиз ишончини оқлашга ва бу тизимни имкон қадар қулай ва ишончли қилишга ҳаракат қилаяпмиз», – дея таъкидлади «Миллий банклараро процессинг маркази» МЧЖ директори Шуҳратбек Қурбонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter