Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИБ Ўзбекистонда фотоэлектр станциялари қуриш учун қарийб 84 миллион доллар кредит ажратди

ЕИБ Ўзбекистонда фотоэлектр станциялари қуриш учун қарийб 84 миллион доллар кредит ажратди

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Ўзбекистоннинг минтақадаги энг катта умумий қувватга эга фотоэлектр станцияларини ривожлантиришга қаратилган қуёш энергияси дастури учун 83,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитни маъқуллади.

Дастурдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда электр энергияси таъминотини ошириш, қазиб олинадиган ёқилғи ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжни камайтиришдан иборатдир.

«Ушбу лойиҳа Европа Иттифоқи мақсадлари ва Ўзбекистоннинг энергия ишлаб чиқариш бўйича миллий мақсадларига эришишга ёрдам беради. У қайта тикланадиган энергия, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва экологик барқарорлик бўйича ЕИБ устувор мақсадларига ҳам мос келади. Бу Ўзбекистоннинг 2030 йилда электр энергияси ишлаб чиқаришда 25 фоиз қайта тикланадиган манбалардан фойдаланиш мақсадига эришишга кўмаклашади. Шу билан бирга, углерод чиқиндилари ва ҳаво ифлосланиши кўрсаткичини камайтириш орқали Ўзбекистон аҳолисининг яшаш сифати яхшиланади», – дейди ЕИБ вице-президенти Тереза Червинская.

Умумий ишлаб чиқариш қуввати 897 МВт бўлган учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш учун жами 396,4 миллион доллар ажратилган бўлиб, маблағнинг қолган қисми Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки улушига тўғри келади.

Masdar (Abu-Dhabi Future Energy Company) компанияси томонидан амалга ошириладиган учта лойиҳа доирасида Самарқанд ва Жиззахда ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита ва Шерободда 457 МВт қувватга эга битта қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилади. Қурилиш ишлари дарҳол бошланиши ва станциялар 2024 йилдаёқ ишга туширилиши режалаштирилган.  

Лойиҳа БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган арзон ва тоза энергия; муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш; саноат, инновациялар ва инфратузилма; иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби устувор йўналишларга ҳам тўғри келади.

Европа Иттифоқининг асосий молия-кредит давлат муассасаси саналган ЕИБ бугунги кунга қадар Ўзбекистонда инфратузилма ва иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватловчи 326 миллион евро миқдорида кредитларни имзолаган.

Аввалроқ ЕИБ вице-президенти Тереза Червинская «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда Марказий Осиёда 1 миллиард евролик лойиҳалар тасдиқланганини маълум қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг