Бюджет тасдиқланди: бу ҳужжатнинг олдингиларидан фарқи нимада?
Президент томонидан 2017 йил 29 декабр куни «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарор имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Таъкидлаш жоиз, бу ҳужжат ҳар бир давлатда бўлгани каби ҳар йили Ўзбекистонда ҳам қабул қилиб келинади. Хўш, бу йилги бюджетнинг олдингиларидан фарқи нимада? Биз айрим жиҳатларни санаб ўтамиз.
1. Очиқликда ва шаффофликда. Бу хусусиятга асосан ўтган йили ва бу йил тўла-тўкис эришилди. Яъни кўп йиллардан буён давом этиб келган анъанага барҳам берилди — энди бюджет мавҳум фоизларда эмас, аниқ рақамларда ифодаланмоқда. Ҳар бир фуқаро ҳар бир сўмнинг қандай ишлаб топилиб, қандай сарфланиши тўғрисида тушунчага эга бўлади.
2. Пайдо бўлган дефицитга барҳам берилганида. 2018 йилда давлат бюджетининг профицити илк марта ЯИМга нисбатан 0,02 фоиз бўлиши кутилмоқда. 2017 йил ва ундан аввалги йилларда давлат бюджети 1 фоизлик дефицит билан тасдиқланган. Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларининг 2017 йил бошидаги бўш қолдиқлари ва бошқа қадрсизланмайдиган манбалар ҳисобидан амалга оширилган.
3. Ижтимоий аҳамияти билан. 2018 йилда таълим харажатлари ўтган йилга нисбатан 22,9 фоиз ўсиши режалаштирилган. Мазкур маблағлар 260 та мактабгача таълим муассасасини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 157 та муассасани мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, мактабгача таълим муассасаларини жорий сақлаш ҳамда олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтирилади. Прогноз йилда соғлиқни сақлаш харажатлари 9,6 триллион сўмни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 30,9 фоиз ўсган. Тиббиёт муассасалари, биринчи навбатда, оилавий поликлиникаларни дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни яхшилаш учун шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларига 915,4 миллиард сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
4. ЯИМ ўсишида. 2018 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 5,9 фоиз даражасида режалаштирилмоқда. 2017 йилда бу кўрсаткич — 5,5 фоизни ташкил этган.
5. Тадбиркорлик соҳасига босқичма-босқич енгиллик бериб келинаётганида. Хусусан, аксарият ставкалар ўзгаришсиз қолдирилган ёки пасайтирилган. Масалан, бензин ва дизел ёқилғиси истеъмоли учун солиқ имтиёзлари 2018 йилда ҳам сақланиб қолади.
6. Яна 0,5 фоиз. Жисмоний шахслар учун даромад солиғи яна 0,5 фоизга пасайтирилган.
7. Алоқа тўлови ошди. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб мобил алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи ойига 4 000 сўм миқдорида белгиланган (ўтган йили 2000 сўм).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter