Афғонистонга ҳам тухум экспорт қилинмоқда (фото)
Президент қарорига асосан республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБга 85 миллион АҚШ доллар миқдоридаги маблағ ажратиш белгиланган.
Ҳозирга қадар (биринчи босқичда) 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилган.
«Микрокредитбанк» АТБ томонидан ўтган давр мобайнида 200 дан ортиқ паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-эм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 477,5 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Жорий йилнинг 22 апрелида банк томонидан молиялаштирилган шундай корхоналардан – Тошкент шаҳридаги «Lazzet Feed» ҳамда Тошкент вилояти Бўка туманидаги «Қишлоқ қурилиш фаровон парранда» МЧЖларга «Паррандасаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда бир гуруҳ республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар парранда озуқаси ҳамда тухум ишлаб чиқариш ва кўпайтириш жараёни билан бевосита яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Жумладан, журналистларнинг биринчи манзили – Тошкент шаҳридаги «Lazzet Feed» МЧЖ томонида парранда озуқаси ишлаб чиқарувчи корхона бўлди.
«Lazzet Feed» МЧЖ парранда учун асосий озуқа бўлган ем ишлаб чиқариш чиқариш фаолиятини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 15 млрд. сўм бўлган лойиҳа ҳисобланади. Унга «Микрокредитбанк» АТБ томонидан 2021 йил декабр ойида парранда озуқаси ишлаб чиқариш мақсадида 2 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр билан 10 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган.
«Lazzet Feed» МЧЖда бугунги кунда тўлиқ қувватда ишга туширилган бўлиб, ҳозирда корхонада 20 га яқин янги иш ўринлари яратилган. Айни пайтда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган «Старт», «Рост», «Финиш» емлари маҳаллий бозорга, шунингдек, қўшни Тожикистон Республикасига ҳам экспорт қилинмоқда.
Мазкур лойиҳага кўра, корхонада ойига 8000 тонна парранда озуқаси ишлаб чиқарилиб, уни сотиш натижасида ойига 50-60 млрд тушумга эга бўлмоқда.
«Қишлоқ қурилиш фаровон парранда» МЧЖ тухум ишлаб чиқариш ва кўпайтириш фаолиятини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 17 млрд бўлган лойиҳа ҳисобланади. Унга банк томонидан ўтган йили корхона фаолиятини кенгайтириш ҳамда парранда озуқасини сотиб олиш мақсадида 2 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр билан 5 млрд сўм миқдорида кредит ажратилган.
Ҳозирда корхонада 18 нафар янги иш ўринлари яратилган бўлса, корхона тўлиқ қувват билан ишлаганда янги иш ўринлар сони 30 нафарга етказилиши режалаштирилган.
«Қишлоқ қурилиш фаровон парранда» МЧЖда тухумлари маҳаллий бозорга, шунингдек, қўшни Афғонистонга ҳам экспорт қилинмоқда. Мазкур лойиҳага кўра, корхонада 80 минг бош тухум йўналишидаги паррандалар боқилмоқда ҳамда кунига 55-56 минг, ойига 1,6 млн дона тухум ишлаб чиқаришга эришилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, банк томонидан юқоридаги қарор ижроси доирасида халқимизни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter