2023 йил якунигача 304 та йирик, 3 мингта ҳудудий лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган
Президент Шавкат Мирзиёев, бугун, 27 феврал куни инвестицияларни жалб қилиш ва саноатни ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Хабарда айтилишича, сўнгги йилларда барча тармоқлардаги дастурларга 31 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган. Натижада ўтган 5 йилда саноат 1,4 баробар, экспорт 1,5 баробарга ошди.
Келгуси 5 йилда иқтисодиёт барқарор ўсиши учун саноатни яна 1,5 баробарга ошириш, экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун 120 миллиард доллар сармоя, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестиция зарур.
Бунга инвестиция, саноат ва экспорт бўйича яхлит сиёсат юритиш орқали эришиш мумкин. Шу боис «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташкил қилинди.
Йиғилишда жаҳон молия бозорларидаги вазиятдан келиб чиқиб, соҳа олдидаги муҳим вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда 11 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, йирик инвесторлар билан манзилли ишлаш бўйича вазифалар белгиланди. Инвестицияларни жалб қилишда иқтисодий дипломатияни ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар иштирокини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Йил якунигача 304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Уларнинг натижасида қўшимча 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари саноат бўйича тармоқ ва ҳудудлардаги қўшимча захираларни ишга солиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш учун таннархни камайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Хорижий консултантларни жалб қилиб, махсус ва кичик саноат зоналарини ҳудудларни ривожлантириш «драйвери»га айлантириш, уларда янгидан яратилаётган ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш зарурлиги таъкидланди. Тўқимачилик, чарм, қурилиш материаллари, электр техникаси, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик каби тармоқларда янги маҳсулотларни ўзлаштириш, жаҳон брендларини олиб келиш орқали янги бозорларга чиқиш муҳимлиги айтилди.
Янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва инвесторларга тақдим этиш бўйича лойиҳа гуруҳларининг ишини фаоллаштириш топширилди.
Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ичимлик суви ва йўл инфратузилмаси дастурларидан келиб чиқиб, устувор лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter