Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юридик шахс ташкил этмасдан хусусий нотариус бўлиш мумкин

Юридик шахс ташкил этмасдан хусусий нотариус бўлиш мумкин

«Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» Ҳукумат қарори (156-сон, 16.03.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълумот берилган.

Унга кўра, хусусий нотариус фаолиятини лицензиялаш, уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий нотариус юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади, банкда ҳисобварақ очади, ходимлар билан меҳнат шартномаси тузади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ва юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Хусусий нотариус ўз фаолиятини бошлашдан олдин фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.

Нотариуснинг номида «хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус» сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Хусусий нотариуснинг муҳри Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Хусусий нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, курьер ва б.) эга бўлиши мумкин.

Хусусий нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини мустақил белгилайди.

Нотариал ҳаракатлар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Хусусий нотариус томонидан ундириладиган тушумлар давлат бюджетига солиқлар ва бошқа тўловлар тўлангандан сўнг нотариуснинг тасарруфига ўтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг