Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яширинча нақд валюта олиб чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқаролари ушланди

Яширинча нақд валюта олиб чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқаролари ушланди

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан республикамиз божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги ҳолатлар фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, «Ойбек» чегара божхона постида пиёда равишда чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси Н.Р. йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинган 5 минг АҚШ долларидан ташқари яна божхона назоратига тақдим қилинмаган 5 минг АҚШ долларини яширинча олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, «Ғишткўприк» чегара-божхона постида республикамиздан чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси З.Х.нинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Шундан сўнг, ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, у ички кийимларига яширган ҳолда 5736 АҚШ долларини олиб чиқмоқчи бўлган вақтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг