Мажбурий меҳнат ва обуна, металлолом, солиқ, армияга пул йиғиш — янги жабрдийдалар
Шу пайтгача ўқитувчи ва шифокорлар турли ишларга, мажлисларга, маҳаллама-маҳалла юришларга, металлолом ва пул йиғишларга жалб этиларди. Энди уларнинг ўрнига янги жабрдийдалар топилибди.
Вилоятларда маҳалла раислари ҳар ойда камида 3-4 мартадан солиқ ва коммунал тўловлар, бир ойлик армияга пул ундириш, металлолом йиғиш каби ишларга, мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда.
Бу ҳақда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов 6 ойлик ҳисоботида айтиб ўтган.
Бундай ишлар, айниқса, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Тошкент, Хоразм, Самарқанд вилоятларида авж олмоқда. Мисол учун, Андижон, Хўжаобод туманларида жорий йил январда 3 марта, Хоразм вилоятида февралда барча туман (шаҳар)ларда маҳалла раислари 3 марта турли йиғилишларга жалб қилинган.
«Жумладан, Хазорасп туман ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишга биргина «Тупроққалъа» маҳалласи фаоллари 30 км.дан келиб-кетишларига 16 минг сўм, Гурланда эса «Дўстлик» маҳалласи фаоллари 25 км.дан келиб-кетишларига 20 минг сўм, Хонқа туманида «Нуробод» маҳалласи фаоллари 22 км.дан келиб-кетишларига 18 минг сўм сарфлашмоқда», деган Жавлонов.
Маҳалла кенгаши раиси сўзларига кўра, ўз вазифасидан ташқари ишларга жалб қилиш ҳолатлари жуда кўп кузатилган.
- 20 июль куни Қуйичирчиқ туманидаги маҳалла раислари ўқишга жўнатилмасдан ободонлаштириш ишларига жалб қилинган.
- Тошкент туманидаги маҳалла раислари ўз ёнидан йўл ҳаққи ва тушлик учун ҳар куни 50 минг сўм сарфлаб, вилоят прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси биноси олдида икки ҳафта ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Натижада ҳар битта маҳалла раислари ўз ҳисобидан 900 минг сўмдан маблағ сарфлашган.
- Андижон вилояти Олтинкўл, Улуғнор, Шаҳрихон, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ, Паркент, Чиноз туманлари, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ шаҳарларида, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ва Олтиариқ туманларида 1 ойлик армия бўйича тушумларни ундириш маҳалла раисларига юклатилган.
- Жиззах вилояти Бахмал, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод, Пахтакор, Ғаллаорол, Фориш, Янгиобод туманлари ва Жиззах шаҳрида 6 млрд. 497 млн. сўм 1 ойлик армияга чақирилган фуқароларнинг тўловларини ундириш режаси маҳалла ходимлари зиммасига юклатилган.
- Фарғона вилояти Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Ёзёвон, Андижон вилояти Улуғнор, Шаҳрихон, Олтинкўл, Тошкент вилояти Чиноз туманларида йиллик ҳар бир фуқаролар йиғинига 3-6 млн. сўмдан Мажбурий ижро бюроси томонидан коммунал тўловларни аҳолидан йиғиш вазифаси маҳалла ходимлари зиммасига юклатилган.
- Тошкент вилояти Паркент, Чиноз туманларида бир йилда ҳар бир маҳаллага – 3 тоннадан, Андижон вилояти Жалақудуқ, Олтинкўл туманларида – ўртача 3-3,5 тоннадан, Наманганда барча туман ва шаҳарларида – ўртача 3-8 тоннагача, Жиззахда барча туман ва шаҳарларида ўртача 12 тоннадан, Фарғонада Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Фарғона, Тошлоқ туманларида – 0,5 - 2 тоннагача металлолом йиғиш топширилган.
- Маҳалла ходимларини газеталарга мажбурий обуна қилдириш ҳолатлари ҳам авж олган. Хусусан, Чиноз туманида қарийб 1,5 млн. сўмга барча газеталарга, шу жумладан, партияларнинг газеталарига маҳалла ходимларини мажбурий обуна қилдириш одат тусига айланган.
Энг ачинарлиси, Қибрайда кенгаш раисининг ўринбосарлари маҳалла ходимларини ўзлари ободонлаштириш ишларига жалб этмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ўқувларда Наманган шаҳрида маҳалла раислари дарсдан сўнг шаҳар ҳокимининг ўринбосари томонидан жорий йилнинг 12 июнь куни соат 20:30дан 23:30гача ҳокимият биносида йиғилиш ўтказилган.
Унда 102 та маҳалла раиси 1 ойлик армия ва фитр садақа пулларини туширмаганликлари учун қаттиқ танқид қилинган (йиғилишда “Маънавий” МФЙнинг янги сайланган раиси «намуна» тариқасида пулларини тушира олмаса ишдан олиб ташлаш билан қўрқитилган).
«Бунинг натижасида маҳалла раисларининг ўз ишларига бўлган норозилик кайфиятида бўлиш ҳолатлари кузатилган. Лекин, бу ҳолатларни ҳудудий кенгашларнинг масъул ходимлари айтмайди, биз ўзимиз маҳалла ходимларидан эшитамиз. Нега яширамиз? Кимга фойда бу яширишдан? Аксинча, маҳалла манфаатларини ҳимоя қилмаймизми? Барака топгурлар, маҳалла ходимларининг хизмат вазифаларига хос бўлмаган бундай топшириқлар ижросини таъминлаш қандай ҳолатларга олиб келишини ўйлаб кўрдингизми?», деб куюнган Жавлонов.
Кенгаш раисининг эслатишича, маҳалла ходимлари ҳозирги кунда бор-йўғи 1 млн. 250 минг сўм ойлик олади.
Президентнинг 2019 йил 2 апрелда тасдиқланган фармонида МФЙ ходимларини фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш қатъиян тақиқланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter