Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хорижга чиқиб кетган Аманбай Сагидуллаев ва Ниетбай Уразбаевга суд ҳукми ўқилди

Хорижга чиқиб кетган Аманбай Сагидуллаев ва Ниетбай Уразбаевга суд ҳукми ўқилди

Бугун, 2023 йил 10 май куни Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) ва Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси С. Давлетмуратов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддаси (суд муҳокамасида судланувчининг иштироки) га асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

А. Сагидуллаев Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 4-қисми, 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «а», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди;

Н. Уразбаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми «а», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми «а» банди (ушбу харакатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли) чиқарилди.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан Интернет тармоғидаги А. Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг