Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ворислик ҳуқуқи бўйича муҳим қўлланма

Ворислик ҳуқуқи бўйича муҳим қўлланма

Мерос - мол-мулк билан боғлиқ низолар асосан қон-қариндошлар ( ота (она), фарзандлар, ака-ука, опа-сингил), яъники, бир оила аъзолари ўртасида юзага келади.

Низо - ўзи номи билан низода. Шу боис мерос низосида ворислар ўзаро келишиб олиши энг мақбул ечим ҳисобланади. Чунки низолашиш (суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам) ворислар ўртасида қариндошлик ришталарига, меҳр-оқибатга путур етказади.

Жамият инсонлар ўртасида соғлом муносабатлар қарор топишидан манфаатдордир. Зеро, соғлом муносабатлар, соғлом оилалар - жамият негизини ташкил этади.

Мерос мулки билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти таҳлилидан кўринишича, бу борада низоларнинг келиб чиқишига аксарият ҳолатларда ворисларнинг амалдаги қонун талабларини билмаслиги ёки бири бошқасининг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида «Ворислик ҳуқуқи» амалий қўлланмаси ҳамда «Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи» тўпламини тайёрланиб, чоп этди.

«Ворислик ҳуқуқи» қўлланмаси - ворислик ҳуқуқи ва уни ҳимоя қилиш, шунингдек мерос билан боғлиқ низо келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида кенг халқ оммаси учун тайёрланган бўлиб, унда қонун ва васиятнома бўйича ворислик, васиятнома ва унинг турлари, васиятномани расмийлаштириш тартиби ва аҳамияти, меросни қабул қилиш билан боғлиқ тартиб ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилган.

Китоб 10 боб ва 23 параграфдан иборат бўлган қўлланмада ворислик ҳуқуқи бўйича юзага келган ҳуқуқий муносабатларнинг халқаро келишув ва шартномалар асосида тартибга солиниши борасида умумий маълумотлар, мерос ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида тузиладиган ҳужжатларнинг намуналари, ушбу масалага оид суд қарорлари намуналари, соҳага тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кўчирмалар ҳам келтирилган.

«Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи» тўпламида эса мерос қилиб қолдириш мумкин бўлган мулклар, васиятнома тузишнинг муҳим жиҳатлари ва тартиби, меросни эгаллаш, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тўланадиган давлат божи миқдори ва бошқа маълумотлар қизиқарли инфографикалар, жадваллар, схемалар ва расмлар ёрдамида аҳолининг кенг оммага тушунарли тарзда баён этилган.

Қизиқувчилар ушбу нашрлар тўлиқ матни билан Олий суднинг www.sud.uz сайти орқали ҳам танишлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг