Ургут туманида содир бўлган можаро ҳақида маълумот берилди
2020 йилнинг 21 август куни ижтимоий тармоқларда «Видеодаги ҳолат Самарқанд вилояти Ургут тумани маҳалласида бўлганлиги айтилмоқда. Саидова Маҳбубани ўз оила аъзолари томонидан калтаклаб уйдан чиқариб, юбормоқчи бўлганлиги тасвирланган ҳолат бўйича изоҳ кутиб қоламиз» номли видеолавҳа тарқалди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, лавҳадаги ҳолат Ургут туманининг Манғитобод маҳалласида 2020 йилнинг 17 июнь куни содир бўлган.
Тасвирда ерда йиқилиб ётган фуқаро С. фуқаро Ш. билан 2012 йилнинг ноябрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган, икки нафар фарзандли бўлишган. Лекин, турмушлари давомида ўзаро келишмовчилик сабабли, дастлаб 2016 йилда С. аразлаб, шу маҳаллада яшовчи ота-онасининг уйига кетиб қолган.
2019 йилнинг август ойида Манғитобод маҳалласи фаоллари аралашуви билан улар ўзаро яраштирилиб, яна бирга яшай бошлашган. Бироқ, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, яна ўзаро келишмовчилик уларнинг ўртасида низо келтириб чиқарган. С. фарзандларини олиб яна ота-онасининг уйига кетиб қолган. 2020 йилнинг июнь ойи бошларида Ш. бошқа аёл билан шаръий никоҳдан ўтиб, яшай бошлаган.
2020 йилнинг 17 июнь куни соат 10:00 ларда С. эрининг бошқа аёлга уйланганлигини эшитиб, икки нафар фарзанди, онаси И., холаси Г. ва янгаси Ш. лар билан биргаликда собиқ турмуш ўртоғи Ш.нинг уйга боришган. Турмуш ўртоғи Ш. унинг уйга киришига қаршилик қилиб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Натижада ўзаро жанжал келиб чиққан. Уларни ажратишга бўлган уринишларга қарамай, жанжал давом этган. Жанжал давомида С. уйнинг деразаси ойнасини қўли билан уриб синдириши натижасида, қўлидан тан жароҳати олган. Ш. собиқ турмуш ўртоғи С.ни ушлаб уйидан чиқарган.
2020 йил 22 июнь куни фуқаро С. Ургут тумани бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, Ш. унинг уйга киришига қаршилик қилиб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, С.нинг олган тан жароҳатини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.
РСТЭИАМСФ Ургут туман суд-тиббий экспертизаси бўлинмасининг 2020 йил 30 июнь кунидаги хулосасига кўра, фуқаро С.нинг олган тан жароҳатлари ЕНГИЛ СОҒЛИҚНИНГ БУЗИЛИШИГА САБАБ БЎЛГАН ТАН ЖАРОҲАТЛАРИ гуруҳига кириши кўрсатилган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида, 2020 йил 17 июнь куни содир бўлган жанжалда фуқаро С.нинг ўзи дераза ойнасини қўли билан уриши натижасида тан жароҳати олганлиги ҳамда жанжал иштирокчилари бир-бирларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли, тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, С. ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41 ва 52-моддалари билан маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун Маъмурий ишлар бўйича Ургут туман судига юборилган.
Маъмурий ишлар бўйича Ургут туман суди томонидан тўпланган ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш ҳақида қарор қабул қилиниб туман прокуратурасига юборилган.
Ҳозирги кунда тўпланган ҳужжатлар туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter