Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Участковой» раҳбар бўлган жиноий гуруҳ аъзоси ҳукмга шикоят берди. Кейин-чи?

«Участковой» раҳбар бўлган жиноий гуруҳ аъзоси ҳукмга шикоят берди.  Кейин-чи?

Икки йилча бурун Самарқанднинг Пастдарғом туманида профилактика инспектори раҳбарлик қилган жиноий гуруҳ  қилмишлари фош этилганди. Инспекторни ҳам қўшиб ҳисоблаганда уч эркак ва тўрт аёлдан иборат жиноий гуруҳ тирикчиликнинг жирканч шаклини танлашганди. Яъниким, аёлларга (улар орасида она-бола ҳам бор!) «мижоз» топиб, ўзлари  истиқомат қиладиган уйда маишат қилишади. Сўнг тана ҳали совуб улгурмай улар «мижоз»ларни номусга текканликда айблашга ўтишади. Худди ўша пайтда жиноий гуруҳнинг эркак аъзолари пайдо бўлади. Тузоққа тушганларни ҳаммаси бир бўлиб, «обориб-обкелгач», камига ИИБга қўнғироқ қилишади, гўё... Қўнғироқдан сўнг «воқеа жойига» етиб келган профилактика инспектори эса ҳаммани хизмат хонасига таклиф қилиб, ариза ва тушунтириш хати олишга тушади.

Шу тариқа «мижоз» қамоқ остонасига «келтирилгач», инспектор хайрихоҳлик кўрсатишга ўтади: «аёллар билан келишинг, шунда ҳаммаси «босди-босди» бўлиши мумкин...».

«Мижоз» қандай бўлмасин «келишиш»га тиришади...

«Келишув» кимгадир 1 миллион, кимгадир 3 миллион сўмга тушади, 10 миллион сўм ёки 550 АҚШ доллари билан қутилганлар ҳам йўқ эмас.

Қўлга киритилган пулларнинг тенг ярми профилактика инспекториники эди...

Ниҳоят, 2018 йилнинг саратонида  жиноий гуруҳ аъзоларидан бири 300 АҚШ доллар билан қўлга тушади ва қолган шерикларини ҳам ўзи билан қамоққа судраб кетади.

Суд жиноий гуруҳ раҳбари бўлган профилактика инспекторини 11 йил-у 6 ойга «кесган» бўлса, бошқалар ҳам жиноятдаги иштирокига қараб, «ўз насибаси»ни олган.

Орадан анча вақт ўтиб, нега мавзуга қайтилмоқда?

Гап шундаки, жиноий гуруҳ аъзоларидан бири — 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Ж.Лазиз (36 ёшда) яқинда ҳукмга нисбатан шикоят ёзибди. Гап бўлиши мумкинмас, бу унинг ҳуқуқи.

Маҳкум ўз шикоятида қилмишидан тонмайди, аксинча, чин кўнгилдан пушаймон эканини билдириб, айни тазарруси ҳурмати берилган жазони енгиллаштиришни сўрайди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Баҳодир Алиқуловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Ж.Лазизнинг кассация шикояти белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва... қаноатлантирилмади. Бу ҳукмнинг унга тегишли қисми ўзгаришсиз қолдирилганини англатади. Жиноят кодексининг 57-моддасига кўра, судланувчига қонунда белгиланган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинланиши мумкин. Бунинг учун эса жиддий асослар керак. Маҳкумнинг қилмишида эса жазони енгиллаштирувчи ўша жиддий асосларнинг ўзи йўқ-да.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг