Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда адвокат банкни судга бериб, ютиб чиқди

Тошкентда адвокат банкни судга бериб, ютиб чиқди

Фото: «It Sotnya»

Адвокат мурожаати асосидаги ишни кўриб чиққан Тошкент шаҳар Сергели туман маъмурий суди банк мансабдор шахси томонидан адвокат ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топди ва ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли жазо чораси белгилади. Бу ҳақда «Advokatnews.uz» хабар бермоқда.

Гап шундаки, Тошкент шаҳрида жойлашган банкларнинг бири ўз мижози устидан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритган бўлиб, мазкур суд жараёнида фуқаронинг вакили сифатида иштирок этган адвокат иш жараёнида фойдаланиш учун зарур бўлган айрим маълумот ва ҳужжатларни сўраб ушбу банкка адвокат сўрови юборади. Аммо банк сўралган ахборот банк сири эканлигини важ қилиб кўрсатган ҳолда унга жавоб беришни рад этади.

Шунга кўра адвокат ўз касбий фаолиятига доир ҳуқуқларини бузган «Infinbank» АТБ бошқарувчиси устидан, ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда, судга мурожаат қилди ва суднинг жорий йилнинг 29 мартдаги ажримига асосан ҳуқуқбузар банк мутасаддисига маъмурий чора кўрилишига эришди.

– «Банк мансабдори ўзининг бундай хатти-ҳаракати билан аввало Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги қонуни меъёрларини нотўғри талқин қилган, — дейди Тошкент шаҳридаги «Adolat Legal» адвокатлик бюроси адвокати Баҳодир Маммедов. — Зеро, мазкур Қонуннинг 3-моддасида қайси маълумотлар банк сири ҳисобланиши келтириб ўтилган бўлиб, биз сўраган турдаги маълумотлар бу рўйхатга кирмаган.

Баҳодир Маммедовнинг айтишича, Президентнинг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан адвокатларга жуда кўплаб имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб берилди.

Шунга кўра, Қонунимизга ҳам «Адвокат сўрови» деган махсус модда киритилди. Аммо, афсус­ки, ҳамкасбларимиз орасида ҳали-ҳамон фалон идора адвокатлик сўровимга жавоб бермади деб нолиб юрганлар йўқ эмас. Ҳатто адвокатлар сўровномаларини эски таҳрирдаги қонуннинг 6-моддасига асосан юбориш ҳоллари ҳам учраб турибди.

Шулардан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, касбий фаолиятимизга доир бундай янгиликлар ва ўзгаришларга ўзимиз ҳам эътиборлироқ бўлиб, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз, бу борада шижоатлироқ бўлишимиз лозим. Жумладан, адвокатлар сўрови асоссиз рад этилган ёки сўровга ўз вақтида жавоб берилмаган ҳолатларда маъмурий судларга мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқимизни талаб қила олсак, аста-секин адвокат сўровига беписандлик билан қарайдиган ёки адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қиладиган мансабдор шахслар ҳам масъулият ҳис қила бошлаши аниқ. Қолаверса, ўз ҳақ-ҳуқуқларини юзага чиқариб, ваколатларидан унумли фойдаланадиган адвокатлар фуқароларимизнинг ишончига кириб, давлат органлари, корхона ва ташкилотларининг мансабдор шахслари олдида ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади, дейди адвокат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг