Тошкент вилоятида хорижга чиқиш паспорти бериладиган янги бўлимлар очилди
Тошкент вилояти аҳолиси хорижга чиқиш паспортини қисқа фурсатда олиши учун янги имкониятлар яратилди. Жумладан, Тошкент вилояти ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан Тошкент вилояти аҳолисини хорижга чиқиш биометрик паспортлари билан таъминлаш тизимини янада фаоллаштириш ва уларда юзага келаётган муаммоли вазиятларни ҳал этиш мақсадида вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларидаги МваФРБ янги техник қурилмалар билан таъминланди.
Хусусан, ушбу қурилмалар аҳоли сони ва фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортини олишга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, Тошкент вилояти ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари ҳамда Оҳангарон ва Бўка туманларининг ИИБларига ўрнатилди. Шу билан бирга, ИИВ раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказидан қўшимча яна 3 дона техник қурилмалар олинди ва улар Юқоричирчиқ, Зангиота ва Чиноз туман ИИБларига ўрнатилди.
Эндиликда қурилмалар ўрнатилган мазкур шаҳар ва туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига, ҳудуди яқин бўлган 4 ёки 5 та шаҳар-туман аҳолиси хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.
Ушбу қурилмалар қуйидаги тартибда фуқароларга хизмат кўрсатмоқда:
Тошкент вилояти ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига Нурафшон шаҳри, Қибрай ва Ўртачирчиқ туманларида доимий яшовчи фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.
Чирчиқ шаҳар ИИБ МваФРБга Чирчиқ шаҳар ҳамда Бўстонлиқ туманларида доимий яшовчи фуқаролар мурожаат қилишлари, Янгийўл шаҳар ИИБ МваФРБга Янгийўл шаҳри ҳамда Янгийўл туманларида доимий яшовчи фуқаролар мурожаат қилишлар мумкин.
Оҳангарон туман ИИБ МваФРБга Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен шаҳарлари ҳамда Оҳангарон ва Пискент туманларида доимий яшовчи фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.
Бўка туман ИИБ МваФРБга Бекобод шаҳри, Бўка, Бекобод ва Оққўрғон туманларида доимий истиқомат қилаётган фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.
Зангиота туман ИИБ МваФРБдаги хизматдан Зангиота ва Тошкент туманларидаги фуқаролар, Юқоричирчиқ туман ИИБ МваФРБдаги хизматдан эса Юқоричирчиқ ва Паркент туманларида доимий яшовчи фуқаролар фойдаланиш имконига эга бўлдилар.
Шунингдек, Чиноз туман ИИБ МваФРБга Чиноз ва Қуйичирчиқ туманларида доимий яшовчи фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларидаги хизмат ходимлари томонидан хорижий давлатларга бормоқчи бўлган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уларга тенглаштирилган фуқаролар, хомиладор аёллар, ёш болалар, имконияти чекланган шахслар ва касал бўлган фуқароларга навбатсиз хизмат кўрсатиш тизими ҳам йўлга қўйилган.
Яна бир қулайликлардан бири ходимлар фуқароларни куттирмаслик мақсадида куннинг тушлик вақтида ҳамда дам олиш кунлари навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жорий йилнинг сўнггига қадар барча шаҳар ва туманлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари зарурий техник қурилмалар билан тўлиқ таъминланиши режа қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter