Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судья «бош шифокор иши» бўйича прокурорга мажбурият юклади

Судья «бош шифокор иши» бўйича прокурорга мажбурият юклади

Фото: «Kirov-portal.ru»

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёни бошлангани хабари берилганди.

Илк суд мажлисидаёқ унга нисбатан жиноят-процессуал нормалари бузилгани аён бўлгани айтилмоқда.

Суд мажлисида иштирок этган «Газета.uz» сайти мухбирининг маълум қилишича, дастлабки тергов жараёнида Г. Йўлдошеванинг айблов хулосасини рус тилида бериш талаби таъминланмаган ва у «жиноят иши» билан таниш эмас. Шунингдек, суд мажлисида аёлнинг адвокати илтмоснома киритиб, унга нисбатан қўлланган (уй қамоғи) эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраган. Адвокатга кўра, Ф.Рустамовнинг ўлими бўйича эпизодда айбланган Ш.Рўзметов ва Ж.Зиядуллаевга нисбатан дастлабки тергов органи бирига гаров, бирига эса муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат эҳтиёт чоралари қўллаган. Бу эса тенглик тамойилига зид ҳисобланади.

Судья илтимосномани инобатга олиб, прокурор зиммасига рус тилида айблов хулосаси тақдим этишни таъминлаш чорасини кўришни юклади. Эҳтиёт чораси масаласи кейинги суд мажлисида муҳокама қилинадиган бўлди.

Кейинги суд мажлиси 4 декабрга белгинланган.

Эслатиб ўтамиз, «бош шифокор иши» доирасида Г. Йўлдошевадан ташқари яна уч нафар шахс ҳам айбланмоқда.

Шу йилнинг август ойида ҳибсга олинган Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, октябрь ойида у уй қамоғига ўтказилганди. Г. Йўлдошева ҳибсдан чиқарилиши ҳамоно (6 октябрь) Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси инфекционисти — 30 ёшли Шихназар Рўзметов қамоққа олингани маълум бўлганди. Афтидан, орадан кўп ўтмай Ш. Рўзметовга қўлланган «қамоқ олиш» эҳтиёт чораси ҳам ўзгартирилган кўринади.

Айни пайтда тўртала судланувчига нисбатан ҳам «қамоққа олиш»дан бошқа эҳтиёт чоралари қўлланилган. Бошқалардан фарқли равишда асосий айбдор сифатида кўрилаётган Г. Йўлдошева «уй қамоғи»га ўтказилган ва унга оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқот қилиш (муайян вақтга ) тақиқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг