Сизни суратга туширувчи шахс рухсат сўраши лозим бўлади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат лойиҳаси билан, эндиликда кодексга фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш банди киритилиши мумкин.
Унга кўра, фуқарони тасвирга тушириш ва ундан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб, топилган бўлса, унинг қонуний вакиллари розилиги талаб этилади.
Қуйидаги ҳолларда яъни тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш мақсадида, давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беришда, тасвирдаги шахснинг жиноят содир этганлиги ёки бедарак йўқолганлиги сабабли қидирув эълон қилишда, шунингдек давлат хизматчиларининг хизмат вазифаларини бажариш жараёнидаги тасвиридан фойдаланиш мумкин.
Қайд этилишича, фуқарони тасвирга тушириш ва унинг тасвиридан фойдаланишга розилик ёзма ёки оғзаки шаклда ёхуд бошқа розиликни яққол кўрсатувчи ҳаракатлар орқали билдирилади. Лекин, берилган розилик мазкур розиликни олган шахсдан бошқа шахсларга тасвирдан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди.
Таъкидланишича, фуқаронинг ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилмасдан туширилган ёки фойдаланилган тасвири сақланаётган манба – фотоаппарат, камера, мобил телефон ва бошқа ускуналардан ўчириб ташланиши, фуқаронинг тасвири акс эттирилган моддий неъматларнинг йўқ қилиниши ҳамда муомаладан чиқарилиши, хусусан ҳар қандай босма ва электрон оммавий ахборот воситаларидан, Интернет тармоғидан ҳамда ташқи реклама ва реклама хусусиятига эга бўлган тарқатма материаллардан олиб ташланиши лозим.
Муҳокама жорий йилнинг 8 мартига қадар очиқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter