Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайловга оз қолди. Қонунчиликда у ҳақда нималарни билиш муҳим?

Сайловга оз қолди. Қонунчиликда у ҳақда нималарни билиш муҳим?

Жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов меъёрларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари тизими

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қонунчилик ҳужжатлари тизими қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йил 8 декабрь); Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси (2019 йил 25 июнь); Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонуни (1996 йил 26 декабрь), «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуни (2004 йил 30 апрель); Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳуқуқий мақомига оид нормалар билан бир қаторда, сайловга оид тамойил ҳамда қоида-талаблар ҳам мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-боби «Сайлов тизими»га бағишланган бўлиб, мамлакатимиз сайлов тизимига оид муҳим тамойил ва нормаларни белгилайди. Хусусан, Конституциямизнинг 117-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига ва ҳар бир сайловчи бир овозга эга экани, шунингдек, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги кафолатланган.

Бундан ташқари, ушбу моддада сайлов ҳуқуқининг муҳим принциплари мустаҳкамланган бўлиб, сайлов жараёнларини халқаро сайлов стандартлари асосида очиқ-ошкора ва демократик тарзда ўтказишга имкон беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Ушбу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, биринчидан, мамлакатимизда бўладиган сайловлар, шу жумладан, Президент сайловини ўтказиш муддатининг аниқ белгиланиши сайлов жараёни иштирокчиларининг муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик кўриши ва самарали иштироки учун муҳим ҳисобланади, иккинчидан, давлат органларининг даврий сайловлар асосида халқ томонидан шакллантирилишини таъминлашга хизмат қилади.

Сайловга оид қонунчилик ҳужжатлари тизимида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси муҳим аҳамиятга эгадир. Сайлов кодекси лойиҳаси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Кодекс лойиҳасини тайёрлаш давомида, биринчидан, миллий қонунчилигимиз ва сайлов амалиёти таҳлил этилди, иккинчидан, 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг (Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларус, Озарбайжон ва бошқалар) илғор тажрибаси ўрганилди, учинчидан, халқаро ташкилотларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тавсиялари инобатга олинди.

Сайлов кодекси турли сайловларни ўтказиш билан боғлиқ 5 та қонун ва ўндан ортиқ меъёрий ҳужжатлар асосида қабул қилинган, ўзида 30 дан ортиқ янги демократик сайлов қоида-талабларни мужассамлаштирган ягона кодификациялашган ҳуқуқий ҳужжатдир. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 2019 йил 25 июнда қабул қилинган бўлиб, 18 та боб ва 103 та моддадан иборат. Сайлов кодексининг асосий янгиликлари қуйидагиларни ташкил этади:

1) Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби жорий этилди;

2) муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланди;

3) сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилди;

4) сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди;

5) овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+,  х) бирини қўйиш имконияти берилди;

6) сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини 48 соатга дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланди;

7) овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқ.) кўрсатилди;

8) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди;

9) сайлов комиссияси аъзолари учун янги талаблар ўрнатилиб, унга кўра, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди;

10) номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби белгиланди;

11) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди;

12) сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилиши белгиланди;

13) муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланди;

14) ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши кўрсатилди ва бошқалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов қонунчилиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Сайлов кодексининг 16-моддасига асосан, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида, шунингдек, зарур бўлган ҳолларда бошқа манбаларда эълон қилиниши лозим. Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари билан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид қоидалар, ташкилий чора-тадбир ва услубий кўрсатмалардан иборат низом, йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти

Мамлакатимизда сайлов қонунчилиги бошқа соҳалар каби жамият ва давлат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, изчил равишда такомиллашиб бормоқда.

Мамлакатимизда ўтказилган турли сайловлар таҳлили, сайлов жараёни иштирокчиларининг таклифлари ва халқаро кузатувчиларнинг тавсиялари асосида 2021 йил 8 февралда ЎРҚ-670-сон Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 117-моддасининг иккинчи қисмидаги «декабрь» деган сўз «октябрь» деган сўзга ўзгартирилди. Мазкур ўзгартишларни қабул қилишда қуйидаги миллий ва халқаро аҳамиятдаги омилларга таянилди:

– сайловчиларнинг билдирган хоҳиш-истаклари;

– сайлов комиссиялари аъзолари томонидан билдирилган таклифлар;

– хорижий мамлакатларнинг сайловларни ўтказиш тажрибаси;

– халқаро кузатувчиларнинг тавсиялари;

– сайлов жараёни иштирокчилари учун қулай шароит яратиш зарурияти ва бошқалар.

  1. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасига сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш билан боғлиқ қуйидаги қоида-талаблар киритилди, унга кўра, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади. Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан: ташвиқот олиб боришга; номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга; сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак. Мазкур норма орқали сиёсий партияларнинг сайловларда қатнашишини молиялаштириш ва тегишли маблағларни мақсадли сарфлаш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Шунингдек, мазкур қонун 16-моддасининг иккинчи қисми қуйидагича баён этилган: «Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт. Сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади». Сиёсий партиялар молиявий ҳисоботларини тегишли органларга тақдим этиши ҳамда сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар маблағлари сарфланишининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 25-моддаси учинчи қисмига «Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно» деган янги норма киритилди. Ушбу киритилган янгиликнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, участка сайлов комиссиясида қабул қилинадиган қарорларини коллегиаллик асосда холис қабул қабул қилинишини таъминлайди, иккинчидан, участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
  2. Сайлов кодекси «27-1-модда. Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш» номли янги модда билан тўлдирилди. Мазкур моддада қуйидаги масалаларнинг ҳуқуқий тартиби белгиланди:

сайловчилар рўйхатини тузиш тартиби; чет давлатларда тузилган участка сайлов комиссиялари фуқароларни сайловчиларнинг рўйхати билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши; чет давлатлардаги фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритиш учун сайловдан 15 кун олдин ўша жойдаги сайлов участкасига ёзма шаклда ёки электрон тарзда Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайти орқали мурожаат қилиши; чет давлатлардаги фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш масаласини ҳал қилиш; Ташқи ишлар вазирлигига сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотни тақдим этиш; Ташқи ишлар вазирлиги маълумотни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига «Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати»га тузатишлар учун тақдим этади. Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур янги моддада белгиланган қоидалар чет давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларининг бўлажак Президент сайловида қатнашиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади.

  1. Сайлов кодексининг 32-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, бунда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлаши билан боғлиқ масалаларнинг тартиби белгиланди.
  2. Сайлов кодексининг 33-моддаси иккинчи қисмига киритилган янгиликлардан бири сифатида манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига ариза билан сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилиш муддати белгиланди. Илгари мазкур муддат ўн беш кунни ташкил этган. Бундан ташқари, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши кераклиги белгиланди.
  3. Сайлов кодексининг 42-моддасига киритилган янгиликларга асосан номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда, нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади. Ушбу тўлдиришнинг аҳамияти жуда муҳим бўлиб, унга кўра, мазкур ҳолатларда бюллетенларни қайтадан чоп этиш ва ортиқча сарф-харажатлар олди олинади.
  4. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланди. Мазкур қоида сайловолди ташвиқотининг тенг имкониятлар ва шаффофлик асосида ўтказилишига, сиёсий партияларнинг ўз имкониятларидан тенг фойдаланишларига замин яратади.
  5. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида қонун билан Сайлов кодексидан сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди. Яъни сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлгани сабабли, сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади (48-моддасининг иккинчи қисмига киритилган ўзгартиш).
  6. Сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш тартибини белгиловчи 56-1-модда киритилиб, ушбу норма билан қуйидагилар белгиланди: чет давлатлардаги сайловчиларнинг сайловда муддатидан олдин овоз беришни турган жойида ўтказиши мумкинлиги; турган жойида овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловчилар ва кузатувчиларни ОАВ орқали хабардор қилиш; кўчма овоз бериш қутисини очиш, бюллетенларни санамасдан махсус қопга жойлаш, сурғучлаш ва далолатнома тузиш ҳамда сайлов куни саноқ бошлангунга қадар сақлаш.
  7. Сайлов кодексининг 99-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилиб, бунда сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланиши белгиланди. Шунингдек, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан, пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланади. Мазкур норма муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш орқали уларнинг фаолияти моддий жиҳатдан рағбатлантирилади, иккинчидан, бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва демократик тамойиллар асосида сайлов жараёнларини очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосида миллий сайлов тизими ва қонунчилиги тобора такомиллашиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 31 майда «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатимизда ўтказилган сайловлар таҳлили ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари бўйича ишлаб чиқилган.

Ушбу қонун билан Сайлов кодексининг қатор моддаларига қуйидаги мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

– 14-, 20-, 22-, 101- ва 102-моддаларида юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш чиқариб ташланди;

– 21-моддада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва саккиз – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади;

– 31-моддадан сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди;

– 38-моддада сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда, идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлиги белгиланди;

– 48-моддада сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги каби нормалар белгиланди.

Сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайловларда самарали иштирок этишини таъминлайди, иккинчидан, миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва сайлов жараёнлари иштирокчиларининг сайловга оид ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Шуҳрат Файзиев,
Марказий сайлов комиссияси эксперти,
Тошкент давлат юридик ниверситети профессори,
юридик фанлар доктори.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг