Расул Кушербаев «бошини эгиб қўйган» ҳолат ҳақида гапирди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «янгийўллик тадбиркор иши» бўйича судда қўшимча гувоҳ сифатида сўроққа чақирилгани хабар қилинганди.
Депутатнинг ўзи ушбу ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:
Куни кеча жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида гувоҳ сифатида чақирилиб, саволларга жавоб берганим ҳақидаги ахборотларни айримлар депутатни жавобгар сифатида сўроққа тутишдек тушинибди. Бироқ бундаймас, мен бирор нарсада айбланиб, судланмаяпман.
Аслида судга гувоҳ сифатида чақиртирилган ҳар қандай шахс мансаб ва мавқеидан қатъи назар бориб иштирок этиши шарт. Керак бўлса депутат, вазир ва давлат раҳбарининг ҳам судга гувоҳ сифатида чақирилиши демократик жамият учун нормал ҳолат ҳисобланади. Бизда бунақа ҳол кам бўлиши мумкин. Бироқ адолат учун зарур бўлса, ҳар қандай шахс ўзини «осмонга олмасдан» судга чақирилганда бориши керак.
Шу сабабли ўзим туғилиб ўсган қишлоғимда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг жиноят ишида мен билан боғлиқ турли кўрсатмалар олишга уринишлар бўлгани айтилгани учун вазиятга ойдинлик киритиш нуқтаи назаридан суднинг чақиришини табиий қабул қилдим ва бордим. Бу аслида депутатнинг сайловчилари олдидаги бурчи ҳам ҳисобланади.
Энг муҳими, суд ишининг ошкора, оммавий ахборот воситаларининг эркин иштирокида ўтказилгани мен учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Очиғи, мен судда иштирок этиб, сўнгги йилларда судларнинг мустақиллиги ва очиқлигини ошириш бўйича ишларнинг натижа бера бошлаганига гувоҳ бўлдим.
Кеча судланувчи ёш тадбиркор Ж.Зокиржоновнинг суд залидан озод қилиниб, жазоси енгиллатилиб оиласи бағрига қайтганини эшитиб қувондим. Ёш тадбиркорнинг оиласи, маҳалла аҳли ва дўстларининг қувончини кўриб, ўзим ҳам кўп ойлардан буён чўзилиб келган тушунарсиз ва мен учун оғир кунларнинг якун топаётганидан ҳурсандман. Тўғриси қийин бўлди: тадбиркор бошига тушган иш менинг фаолиятим билан боғлиқ, деган гап чиққани унинг оиласи ва қишлоқдошларим олдида бошимни эгиб қўйганди. Умид қиламанки, ҳаммаси ортда қолди ва бошқа бундай бўлмайди...
Бироқ шу ўринда ҳақли савол туғилади: агар шахснинг қилмиши давлат ёки жамиятга хавф туғдириш, одам ўлдириш каби оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлмаса, оиласи ва яқинларини рухий азобга қўйиб, буни етти саккиз ойлаб чўзиб юриш тўғрими? Хавфи катта бўлмаган ишлар бўйича тергов ва судларни қисқа вақтда ўтказиб, оқни оқ, қорани қора, деб ҳукм чиқаришга ўтиш вақти келмадимикан?
Бўлиб ўтган ушбу тергов ва суд иши мисолида бу савол мени кўп ўйлантирди. Агар саволимни тушунган бўлсалар терговчи, прокурор ва судларга инсоф берсин! Тушунмаганларга эса ҳаммаси жойида, сизга тегишлимас, — деб ёзди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter