Қорақалпоғистонда ОАВ ходимларига босим ўтказилмоқда
Қорақалпоғистонда қатор журналист ва блогерлар прокуратура органининг босими остида қолгани айтилмоқда. Бундай ғурбат сабаби кеча республика Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг гўёки вафот этгани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалганига бориб тақалади. Бизга етиб келган маълумотларга кўра, соат 01:00 да қорақалпоғистонлик журналист ва блогерлар уйларидан мажбуран олиб кетилган. Масалан, makan.uz (Лалагул Каллиханова), kruz.uz (Искандер Юсупов), kar24.uz (Кумар Бегниязова) ходимлари прокуратурага олиб борилиб, телефон ва ноутбуклари олиб қўйилгани айтилади.
Албатта, ёлғон хабар тарқалишини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди ва бундай ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши керак. Бироқ ярим тунда мажбуран олиб кетилиб, иш қуроллари олиб қўйилиши ҳам қонун қаричига тўғри келмайди. Айни қонунсиз хатти-ҳаракатлар қонун посбонлари томонидан амалга оширилаётгани эса каррасига оғриқлидир!
У ёғини сўрасангиз, кеча тунда чиққан хабар битта сайтга тегишли бўлиб, айрим журналист ва блогерлар уни ўз сайти ва каналида биринча манбага ҲАВОЛА берган ҳолда эълон қилган, холос. Унинг рост ва ёлғонлиги айтилса, кифоя, шу хабар ҳам ўша сайт ва каналларда эълон қилинадики, айни жараёнда ортиқча муаммо йўқ! Ахборот тарқатишнинг оддий қоидаси бўлган ушбу тартиб бир ёқда қолиб, бор эътибор ОАВ ходимларининг «бурнига сув киритиш»га қаратилаётгани халқ прокуратурасига айланишга даъво қилаётган тизим амалда кўпроқ амалдорлар хотиржамлигига хизмат қилаётгандай таассурот қолдиради. Биргина мисол, COVID-19дан вафот этаётганлар сони расмий статистикада зикр этилаётган рақамлардан фарқланаётгани ёки шу офатдан Қорақалпоғистонда 15 га яқин одам ҳалок бўлганига оид озмунча хабарлар тарқалгани йўқ. Уларга ойдинлик киритишга шошмаётган прокуратура битта арбобга доир хабар асоссизлиги ортидан ОАВ ходимларининг «кўзини очиб қўйиш» учун бор имкониятини сафарбар қилмоқда...
Қорақалпоғистонда ОАВ ходимларига нисбатан босим кучайганига оид хабарлар тарқалганидан сўнг бу борада расмий муносабат билдирилди. Унинг оҳанги ва мазмунича, ҳаммаси жойида, ваҳимага ўрин йўқ, «...ёлғон хабарни тарқатган ва уни қорақалпоқ тилига ўгириб, ўзининг телеграм каналларига жойлаштирган сайт муҳаррирлари прокуратура органларига чақиртирилиб, профилактик суҳбат ўтказилибди», холос. Суриштирув ҳаракатлари эса давом этмоқда экан...
Суриштирув ҳаракатлари ниҳоясига етгунча яна неча нафар ОАВ ходими босимдан бўғилиши мумкин — бир нима дейиш қийин...
Бош прокуратура эндиям эътибор қаратар бунга?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter