Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пойтахт прокуратурасидан кутилмаган қадам: Григорян ўлими юзасидан брифинг ташкил қилинмоқда!

Пойтахт прокуратурасидан кутилмаган қадам: Григорян ўлими юзасидан брифинг ташкил қилинмоқда!

Бугун Тошкент шаҳар прокуратурасида дизайнер Наримон Григорян қасддан ўлдирилганлиги ҳолати бўйича оммавий ахборот воситалари учун махсус брифинг бўлиб ўтади. Тадбир шаҳар прокуратураси раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилаётгани айтилмоқда.

Бунинг нимаси ажабланарли?

Бир қарашда ҳаммаси жойида. Пойтахт прокуратурасининг ҳолат бўйича оммавий ахборот воситаларига айтари бор экан, бош устига! Қолаверса, шу чоққача эндигина очилиб, ҳали тергов ҳаракатлари ниҳоясига етмаган ўта оғир жиноят юзасидан матбуот анжумани уюштирилаётгани ҳам ўта камёб ҳодиса. Одатда ўта оғир жиноятлар бўйича тергов жараёни махфий тутиладики, бундан мурод — иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилувчи эҳтимолий ҳолатларининг олдини олишдир.

Қотиллик қурбони бўлган Н.Григорян масаласида Тошкент шаҳар прокуратураси қовун туширгани маълум. Яъни, ҳали жиноят фош этилмай туриб, марҳумнинг қонга беланган жасади акс этган лавҳа ва суратларни «Телеграм»даги саҳифасида эълон қилиб юборганди. Тўғри, кўп ўтмай хатолик оператор томонидан содир бўлгани айтилиб, юз берган ҳолат учун расман узр сўралди. Аммо шу билан «ҳаммаси жойига» тушгани йўқ.

Орадан бир кун ўтиб, жиноятни содир этган кимса қўлга олингани хабар қилинар экан, аввалига марҳумнинг исми-шарифи, иш жойи, қотиллик юз берган манзилгача очиқ-ойдин маълумот берилди. Бироқ бу маълумотнинг «умри» кўпга бормади: дарҳол зарур тузатиш киритилиб, марҳумнинг исми-шарифи бош ҳарфлари қолдирилди. Шунга қарамай, матнда «иш жойи» ўзгаришсиз қолдирилганидан марҳум ким эканини билиш қийин эмасди...

Энди эса марҳумнинг ҳатто исми-шарифи яширилган (!) жиноят иши юзасидан оммавий ахборот воситалари (!) учун брифинг ўтказиш режаланмоқда?! Ажаб...

Бундан муддао нима?

Айни саволга яқин соатларда жавоб топамиз, насиб...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг