Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга мулк ҳуқуқи бериш ҳақида Ҳукумат қарори қабул қилинди

Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга мулк ҳуқуқи бериш ҳақида Ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: «protoday.uz»

Аввал хабар берганимиздек «Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган эди.

Фармон билан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 21 июнда Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарор билан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилди.

Комиссияга туман (шаҳар) ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари раислик қилади. Комиссия таркибига туман кадастр, қурилиш, адлия ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари киритилади.

Комиссияларнинг ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ишлари «республика-вилоят-туман(шаҳар)» уч поғонали принцип бўйича амалга оширилади.

Шунингдек қарор билан «Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

Ушбу Низом турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларига ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди.

Низомда белгиланишича акция кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбошимчалик билан қурилган уйга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимига ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

— мурожаат этувчининг паспорт нусхаси;

— мурожаат этувчининг оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари.

Мурожаат этувчидан юқорида кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ёлғон маълумотлар ёхуд унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги аризани қабул қилишда рад этиш учун асос ҳисобланади.
Аризани бошқа асослар билан рад этиш тақиқланади.

Комиссия ариза келиб тушгандан сўнг жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганади ва далолатнома расмийлаштиради (барча тартиб-таомиллар 11 иш куни давомида амалга оширилади).

Далолатномада комиссия аъзоларининг хулосалари акс эттирилади ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги кўрсатилади.
Комиссия томонидан иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топилганда далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига мурожаат этувчи бир марталик йиғимни тўлаши учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактурани тизим орқали юборади.

Мурожаат этувчи ҳисобварақ-фактура тушган кундан бошлаб 4 иш куни мобайнида ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган тўловни (энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги бир марталик йиғим) амалга ошириши керак.

Бир марталик йиғим тўлангандан кейин 2 кун мобайнида иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳаси тайёрланади ва тасдиқлаш учун туман (шаҳар) ҳокимига тақдим этилади. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори 2 иш куни мобайнида қабул қилинади.
Қабул қилинган қарор нусхаси Давлат хизматлари маркази томонидан мурожаат этувчига тақдим этилади.

Ушбу низомда белгиланган энг муҳим нарса шуки, фуқаро бор йўғи икки марта Давлат хизматлари марказига боради яъни бир марта ариза топширади, иккинчи марта пул тўлайди. Яъни ҳокимият, кадастр, қурилиш ва х.к идораларга қатнаш шарт эмас.

Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилади ва иморат жойлашган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилади:

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, жисмоний шахслар томонидан узлуксиз фойдаланилаётган ер участкалари, агар ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар (шу жумладан, ҳар бир оилага белгиланган меъёрлар) доирасида;

— белгиланган тартибда берилмаган ер участкаларида қурилган объектлар мулкдори бўлмаган, лекин ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб жисмоний шахслар томонидан фойдаланилаётган иморатларига ва ер участкасига;

— жисмоний шахслар томонидан «Ер тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинишига қадар якка тартибда уй-жой қуриш, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун фойдаланиб келаётган иморатлар ва ер участкасига ҳуқуқларини белгиловчи ҳужжатлари сақлаб қолинмаган бўлса;

— деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалик юритиш учун фойдаланилмаётган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатларга «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасида белгиланган меъёрлар доирасида.

Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди:
аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига зид равишда жойлашган иморатларга;

— магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар ва чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;

— қонун ҳужжатлари билан қурилиши тақиқланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;

— ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.
Комиссия томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмас деб топилганда комиссия ишчи органи рад этиш асослари кўрсатилган хат тайёрлайди ва далолатноманинг нусхасини илова қилган ҳолда уни далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига ҳамда туман (шаҳар) ҳокимига тизим орқали юборади.

Мурожаат этувчи комиссия қароридан норози бўлган тақдирда, бир марталик акция тугагунга қадар тегишлилиги бўйича юқори турувчи комиссияга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг