Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 8200 кишига битта адвокат тўғри келади. Бошқаларда қандай?

Ўзбекистонда 8200 кишига битта адвокат тўғри келади. Бошқаларда қандай?

Ўзбекистонда 3946 нафар адвокат рўйхатга олинган. Яъни, ўрта ҳисобда 8200 нафар аҳолига битта адвокат тўғри келади. «Бу ҳалокатли даражада кам», – дейди Ўзбекистон Адвокатлар палата раҳбари Алим Эрназаров БМТ махсус маърузасчиси билан бўлиб ўтган учрашувда. – «Энг ачинарлиси, сўнгги 8-10 йилда адвокатлар сонида нормал потенциал ўсиш кузатилмаган».

Хўш, бошқа мамлакатларнинг аналогик кўрсаткичлари қандай?

А.Эрназаров давом этади: ...яқинда Палата томонидан дунёнинг 41 давлатидаги адвокатлар сонининг умумий нуфусга нисбати таҳлил қилинган. Аниқланишича, аҳолининг адвокатлар билан таъминланганлик даражаси бўйича биз нафақат илғор Ғарб давлатлари, ҳатто постсовет макондаги қўшниларимиздан ҳам анча ортда қолганмиз.

Қиёслаймиз: жаҳонда энг юқори кўрсаткич Исроилга тегишли – 136 кишига битта адвокат. Шунингдек, яқин давлатлардан: Туркияда 665/1, Эстонияда 1300/1, Украинада 1200/1, Грузияда 700/1, Қозоғистонда 3932/1.

Бу ҳали фақат сон масаласи. Ҳар бир фуқаронинг малакали юридик ёрдам олиш имкониятлари алоҳида муҳокамага арзийди.

Мазкур муаммо комплекс ечим талаб қилади, аммо ҳали-ҳануз объектив ва субъектив сабабларга кўра бу борада аниқ тўхтамга келинмаган. Ҳолбуки, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, вазият йил сайин оғирлашиб бораверади. Адвокатлар ва аҳоли сони нисбатини бир қадар мақбулроқ миқдорга келтириш эса узоқ вақт талаб этадиган жараёндир.

Ўзбекистон ОЎЮлари бир йилда тахминан 650 нафар ҳуқуқшунос тайёрлар экан. Агар адвокатура фойдасига мораторий эълон қилиб, ҳамма битирувчилар адвокатликка йўлланган тақдирда ҳам 5 йил давомида атиги 3500 нафар янги адвокат қўшилади.

Бу бир иложсиз чора, албатта. Воқелик шундайки, алалоқибат бармоқ билан саноқли битирувчиларгина адвокатурани танлайди. Яқин-яқинларгача юридик ОЎЮларини тугатганларнинг аксари прокуратура ва суд идораларида ишлашга иштиёқманд эди. Ҳозирда уларнинг ҳаваслари бир қадар ўзгарган, бироқ адвокатуранинг бугунги аҳволи ҳануз ёш мутахассисларнинг амбицияларига мос эмас, таассуфки...  

Ўзбекистоннинг адвокатлар «армияси» камсонли бўлгани етмаганидек, тобора «қариб бораётир»:  4 минг нафарга етар-етмас адвокатдан 30 ва ундан кичик ёшдагилар салмоғи атиги 70 кишини ташкил қилади!..

«Жамиятимизда адвокатнинг обрўйи ўзи ҳамин қадар. Қолаверса, шу касб эгаси бўлишни орзусида юридик билим олган ёшлар адвокатлик фаолиятини бошлашда маъмурий чекловларга дуч келади. Масалан, қонунчилигимизга кўра, адвокат лицензиясини олиш шартларидан бири – ҳуқуқий соҳада 2 йиллик иш стажига эгалик. Шу каби тўсиқлар адвокат бўлиш истагидаги камёб ёшларнинг оёғига тушов бўлаётир», – дея афус билан қайд этди Адвокатлар палатаси раиси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг