Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўз укасининг 7000 АҚШ долларини ўғирлаган аёлга ҳукм ўқилди

Ўз укасининг 7000 АҚШ долларини ўғирлаган аёлга ҳукм ўқилди

Карима Синдарова (исми-шариф ўзгартирилган) етти минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғриллаганликда айбдор деб топилди.

Аёл кимнинг пулини ўғрилабди денг? Укасининг!

Опа-ука Шароф Рашидов туманида онасига тешили уйда истиқомат қиларди. Карима турмушга чиққан, икки нафар вояга етмаган боланинг онаси. Турмушидаги муаммолар сабаб вақтинча ота уйида эди. Укасининг рўзғордан қийиб-қимтиб, пул йиғиб юрганидан воқиф бўлгач, уларга эга чиқиш пайига тушсами?! Шу йилнинг март ойида у кутган фурсат келади. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган аёл умумий хонадоннинг укасига тегишли хонасига дераза ойнасини очиб кириб, ҳаммаёқни тит-питисини чиқарди. Китоблар орасидан етти минг долларини топгач, кирган жойидан чиқиб, дераза ойналарини яна аввалги ҳолатига келтириб қўяди.

Пулларни эса Жиззах, Самарқанд ва Тошкентга қилган саёҳатлари давомида ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

...Кўп ўтмай ҳаммаси фош бўлди: ички ишлар ходимлари излар бегонага эмас, жабрланувчининг опасига қараб кетаётганини аниқлашгач, хонадон вакиллари ҳижолатга тушишади ҳам. Бироқ ғишт қолипдан кўчган, ишни охиригича етказиш шарт эдики, шу тариқа жиноят иши судга оширилди.

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди раиси Ғ.Ялгашевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Карима Синдорова Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 2-қисмининг «б,г» бандларида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида, яъни 1.013.650 сўм жарима жазоси тайинланди.

Жазо енгилми?

Гап шундаки, суд судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлигини, етказилган зарарлар тўлиқ қоплангани ва энг муҳими, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ҳамда қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олди. Шу боис қайд этилган модда санкциясида назарда тутилган жарима жазосининг энг кам миқдорини тайинлашни лозим топди.

У ёғига инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг