Омбудсман қийноқлар ҳақида маълумот берди — «Битта ҳолатда ходим қасддан баданга оғир шикаст етказган ва далилларни сохталаштирган»
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати тергов жараёнларида ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар ҳақида маълумот берди.
Айтилишича, Омбудсманнинг терговга қадар текшириш олиб бориш ваколати мавжуд эмас. Шунинг учун қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар жойига чиқиб ўрганилгач, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилади. Омбудсман бунда маҳкум ва маҳбусларнинг кўрсатмалари ва ишга оид тўпланган дастлабки ва бирламчи ҳужжатларга асосланади.
«Омбудсман бошчилигида пенитенциар муассасаларда 2022 йилнинг 9 ойлигида 297 та мониторинг амалга оширилган. Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан мониторинглар жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятини огоҳлантиришсиз амалга оширилмоқда ва мавжуд ҳолатлар ўрганилади. Ўрганишларда маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда учрашиб, қийноқлар қўлланиляптими – йўқми, сўралади ва уларга яратилган шароитларнинг белгиланган талаблар даражасида эканлиги ҳолати ўрганилади.
2022 йилда Омбудсманга қийноқлар бўйича мурожаатлар келиб тушган, лекин улар кўп ҳолларда тасдиқланмаяпти. Баъзи мурожаатлар эса 5-10 йиллар аввалги қийноқлар ҳақида. Мавжуд ҳолатни синчиклаб ўрганиш мақсадида 2022 йилдан маҳкумлар орасида республика бўйлаб аноним сўровлар ҳам ўтказиш йўлга қўйилди. Натижалар албатта Омбудсманнинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик маърузасида эълон қилинади.
2022 йилда Омбудсманга ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, инсон ҳуқуқларини поймол этган ҳуқуқ-тартибот ходимлари устидан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган. Битта ҳолатда Жиноят кодексининг қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва далилларни сохталаштириш моддалари билан айбдор деб топилган. Шунингдек, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган», — дейилади Омбудсман ахборотида.
Омбудсман баданга оғир шикаст етказган ва далилларни сохталаштирган ходим қайси органга тегишли эканлигига ойдинлик киритмаган. Шунингдек, кейинчалик унга қандай чора кўрилгани ҳақида ҳам айтилмаган.
Қўшимча қилинишича, 2021 йилда Омбудсман назоратига олинган қийноқ ҳолатлари бўйича прокуратура органлари томонидан биронта қийноқ ҳолати тасдиқланмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter