Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Омбудсман бошчилигидаги эксперт гуруҳи тарбия колониясига боришди

Омбудсман бошчилигидаги эксперт гуруҳи тарбия колониясига боришди

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ билан биргаликда мунтазам равишда жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга инсон ҳуқуқларининг таъминланиши мониторинг ташрифлари амалга ошириб келинмоқда.

Навбатдаги мониторинг жорий йилнинг 4 март куни Тошкент вилоятидаги 24-сон тарбия колониясига уюштирилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2020 йилда мазкур муассасага ўтказилган мониторингда, узоқ муддатли учрашув хоналари таъмирланаётгани сабабли қўшимча тавсиялар билдирилган эди. Шунинг учун, Эксперт гуруҳи аъзолари дастлаб, вояга етмаган шахслар учун ихтисослаштирилган муассасадаги қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув хоналари ҳамда телефон сўзлашув хоналарида яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Омбудсман ҳамда Эксперт гуруҳи аъзолари янги таъмирдан чиққан учрашув хоналарни кўздан кечирар экан, маиший-яшаш шароитлари белгиланган гигиена ва санитария қоидаларига мослигига эътибор қаратди.

Мониторинг давомида ошхона ва вояга етмаган маҳкумларга овқат тайёрлаш жараёни билан танишилди ҳамда озиқ-овқат таъминоти меъёрларига амал қилинаётганлигини ўрганиш мақсадида таомнома менюси ҳамда озиқ овқат маҳсулотларини сақлаш жойлари кўздан кечирилди.

Тиббиёт бўлими ва вояга етмаган маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати билан танишиш давомида каронавирус инфекцияси билан зарарланиш хавфи ҳали ҳамон сақланиб қолинаётгани сабабли, ажратилиши зарур бўлган дори-дармонлар таъминоти ва уларнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича тавсия қилинган протоколларга мослиги текширилди.

Қонунчиликка кўра, муассаса маъмурияти маҳкумларга улар таълим олиши ва мустақил касб ўрганиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шароитлар яратиб бериши керак. Шу нуқтаи назардан, вояга етмаган маҳкумлар учун ўқишни ташкил этиш жараёни, касбга ўқитиш мактаби, кутубхона, спорт майдончалари ва бошқа объектлар ўрганилди.

– Муассасада бугун 53 нафар вояга етмаган маҳкум тарбияланмоқда, – дейди Тошкент вилояти ИИББ ПваЖИЭБ 24-сонли тарбия колонияси бошлиғи, подполковник Шоира Адилова. – Бу ерда маҳкумларнинг яшаши, таълим олиши ва касб-ҳунарга йўналтириш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, тиббиёт бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари,  200 ўринга мўлжалланган мактаб ва касб-ҳунарга ўргатиш мактаби, 4 минга яқин китоб фондига эга кутубхона мавжуд. Шунингдек, турли маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун амфитеатр, спорт билан шуғулланиш учун зарур шароит бор.

– Мен ёшлик қилиб жиноят кўчасига кириб қолдим, – дейди бекободлик Акром (исми шартли равишда ўзгартирилган) – Ҳозирда 17 ёшдаман. Оилада уч нафар фарзандмиз. Синглим ва укам бор. Албатта, қилган ишимдан пушаймонман. Бу ерга келганимга энди тўрт ой бўлди. Муассасада кўриб турганингиздек, касб ўрганиш ва ўқиш учун барча шароитлар яратилган. Энг асосийси, бу ерда ўқишдан ташқари касб ҳам ўрганаяпман. Касб-ҳунарга ўқитиш мактабида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тўгарагига қатнашаман. Тарбия колонияси раҳбарияти, ходимларининг муносабати яхши. Ота-онам, укаларим билан тез-тез кўришиб, гаплашиб тураман. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Жорий йилда ўзим танлаган йўналиш бўйича олий ўқув юртига ҳужжат топшираман. Келажакда ватанимга, халқимизга фойдаси тегадиган касб эгаси бўлиб, ота-онамни юзини ёруғ қиламан.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассаса раҳбарига зарурий тавсиялар берилди.

Омбудсман ҳамда унинг ҳузурида жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан жазони ўташ муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида мониторинглар тизимли давом эттирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг