Kun.uz нашри Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат қилди
Ижтимоий тармоқларда Kun.uz сайти таҳририятига нисбатан ҳақиқатга мос келмайдиган, туҳмат ва иғводан иборат постлар жойлаштирилди. Таҳририят туҳматчилар топилиб, жазоланишига умид қилади, дейилади нашр томонидан эълон қилинган мақолада.
Қайд этилишича, 27 феврал куни Telegram мессенжеридаги аноним блог муаллиф(лар)и Kun.uz ва Azon.uz сайти маъмурларига нисбатан ҳақиқатга мос келмайдиган, туҳмат, бўҳтон ва иғводан иборат маълумотларни тарқатган.
Унда гўёки Kun.uz сайти экстремистик ташкилот ғояларини тарғиб этиши, таҳририят йирик диний ташкилотлар томонидан мунтазам молиялаштириб келиниши, таҳририят раҳбарлари хорижий давлатларда «Ҳизб ут-таҳрир» диний оқими лидерлари билан кўришиб, улардан пул олиши каби маълумотлар келтирилиб, ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилинган.
Шунингдек, тарқатилган постда Azon.uz сайти раҳбарияти ҳам тилга олинади.
«Azon.uz – жамиятда диний иғвони юзага келтирувчи, исламизацияни ривожлантирувчи, кенг оммани халифалик тузумига тайёрловчи зарарли ташкилотга айланган бўлса, Kun.uz буни халққа енгил тарзда онг остига таъсир кўрсатиб сингдирувчи хавфли таҳририятга айланди.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Azon.uz билан келишмовчилик юз берган вақтда ОAВдан фақатгина Kun.uz ушбу воқеаларни нохолис, азончиларнинг ёнини олиб, давлатнинг конституцион тузумига зид равишда йўл тутиб, тўхтовсиз мақолалар ташлаб турди», деб ёзади аноним канал муаллиф(лар)и.
Маълумот ўрнида айтилишича, 2017 йил кузида Kun.uz сайти ходимлари ташаббуси билан сайтда эълон қилинаётган мақола ва материалларни аҳоли орасида кенгроқ тарқатиш орқали аудиторияни кенгайтириш мақсадида Фейсбук ижтимоий тармоғида «Халқ овози / Голос народа» гуруҳи ташкил этилади. Дастлаб гуруҳ админлигини таҳририят ходимлари юритади.
Кейинчалик гуруҳ аъзолари ва унга жойланувчи постлар сони кўпайиб кетгач, гуруҳ эркин гуруҳга айланиб, бир муддат давомида барча аъзолар пост жойлаши мумкин бўлади (общедоступная). Шу вазиятдан фойдаланган айрим нохолис фойдаланувчилар томонидан «Халқ овози / Голос народа» гуруҳига диний мавзуларда шубҳали постлар жойланади.
Бу ҳол таҳририят ходимларига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Адлия вазирлиги масъул ходимларининг огоҳлантиришидан кейин аён бўлади ва дарҳол тегишли чоралар кўрилади, кейинроқ ушбу гуруҳ бутунлай ўчириб ташланади. Ўша вақтда ушбу ҳолатга таҳририят ходимларининг алоқаси йўқлиги юзасидан тегишли идораларга расмий тушунтириш ва изоҳлар берилган.
Аноним каналда таҳририятга нисбатан илгари сурилаётган айбловларга «далил» сифатида Фейсбукдаги диний-экстремистик руҳдаги ўша постлардан олинган скриншотлар кўрсатилган.
Мазкур канал эгаси (эгалари) бундан аввал ҳам жамиятнинг фаол кишилари, хусусан, Элдор Асанов, Хуршид Далиев, Зафарбек Солижонов, Нозим Сафари каби блогерлар ва диний уламо Мубашшир Аҳмад ҳақида турли уйдирмалар тарқатиб, уларни обрўсизлантиришга уринганди.
Kun.uz сайти таҳририяти бу каби иғвогарлик ҳаракатларини сўз эркинлигини бўғишга уриниш ва президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган очиқлик сиёсатига қаршилик деб баҳолайди.
Шу боис, таҳририят Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигидан бу ишлар ортида турган шахсларни аниқлаб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, белгиланган тартибда чоралар кўришни сўраган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter