Коррупцияга қарши «революцион ҳужжатлар» лойиҳаси эълон қилинди
Коррупцияга қарши кўрашиш бўйича революцион ҳужжатлар тайёрланиб, яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ҳақида хабар берилганди.
«Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони ва «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳалари шу бугуноқ муҳокамага қўйилди.
Лойиҳаларда қуйидагилар назарда тутилмоқда:
▪ Агентлик томонидан «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри»ни юритиш.
▪ реестрга киритилган шахсларга давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш, cайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларини кўрсатиш, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишини тақиқлаш;
▪давлат идоралари ва ташкилотларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш;
▪давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни қатъиян тақиқлаш;
▪барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш ва бу тузилмалар раҳбарлари Агентлик билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, уларни лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилиши;
▪Агентлик томонидан барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳокимликларда йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш;
▪2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш;
▪давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлиши;
▪давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлишни тақиқлаш;
▪давлат хизматчиларини мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларида ўқитиш;
▪«Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
▪Агентликка манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколатини бериш;
▪Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;
▪коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
▪даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
▪коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш;
▪давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномалар ва бошқа битимларни тузишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқишни қатъиян тақиқлаш ва бошқалар.
Жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этинг:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter