«Жарқўрғон иши» ёпилди, тарқалинглар!

Шундай қилиб, «Жарқўрғон иши»ям ёпилди. Яъниким, ҳеч кимнинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ, ҳаммаёқ топ-тоза!
Гап нима ҳақида кетаётганини кўпчилик илғади, чамаси. Шунга қарамай, воқеликни яна бир карра ёдга олиш зарар қилмайди.
2020 йил 10 июль куни эрталаб Жарқўрғон туман маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлари раислари билан ёқимсиз ҳолат рўй беради. Ишхонасига кетаётган суд раисларининг хизмат автомашиналари туман марказига кираверишдаги блокпостда тўхтатилади. Карантин қоидалари тағин кучга кирган ўша кунлари шу ерда бўлган ҳоким З. Давлатов Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарорига зид равишда, туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай (хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиб!) тўсқинлик қилади. Сўнг хизмат автомашинасининг орқа ўнг эшигини очиб, шу атрофда турган одамлар олдида суд ходимларини обрўсизлантиришга уринади (мана, кўриб қўйинглар, судьяларнинг ўзи карантин қоидаларини бузмоқда, деган маънода!), ҳатто ЙПХ ходимларини уларга нисбатан маъмурий протокол тузишга даъват этади?!
Бу орада туман судининг ҳайдовчиси Р.Раҳимназаровнинг қўлидан машина калити куч билан тортиб олинади. Сўнг ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Азизбердиев туман судига тегишли машина бошқарувини қўлга олиб, орқа ўриндиққа ҳайдовчини «босган» (икки нафар ИИБ ходими ёрдамида) ҳолда ИИБ биносига олиб кетади. Йўл-йўлакай ҳайдовчини ҳақоратлаб кетган Ш. Азизбердиев туман ИИБ биносига келгач, уни вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига тиқиб қўяди.
Ҳайдовчи Р. Раҳимназоровга кўра, ИИБ биносига келгач, Ш. Азизбердиев унга жисмоний куч ишлатиб, ерга ётқизади ва тирсаги билан унинг бош қисмини босиб, «сени қамоққа олайин, кейин сайратаман», дея очиқдан-очиқ таҳдид қилади.
2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланиб, енгил тан жароҳати олингани аниқланган...
Орадан уч кун ўтиб, Сурхондарё вилоят прокуратураси ҳолат бўйича ЖКнинг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатгани маълум қилинди.
Бу орада «Адолат» СДП мазкур воқеани қоралаб, айбдорлар тегишли жазога тортилиши ҳақида баёнот берди. Баёнотда юз берган ҳолат дахлсиз органга қилинган таҳдид сифатида баҳоланади.
Сенаторлар ҳам жим тургани йўқ. Сенатор Одилжон Иминов юз берган воқелик Сурхондарё вилоятига бириктирилган сенат аъзолари томонидан мутасаддилар иштирокида ўрганилгани ва назоратга олинганини билдирди.
...Мана, орадан салкам уч ой ўтгач, ниҳоят, Сурхондарё вилоят прокуратураси қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари ниҳоясига етгани, пировардида, ҳеч кимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани учун «иш» ёпилгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, ҳайдовчи Р. Раҳимназаров «ҳеч ким уриб тан жароҳати етказмагани ва ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдирган». Унинг айни кўрсатмаси жиноят ишини «ёпиш»га етиб-ортган кўринади. Ваҳоланки, уч ой бурун суд-тиббий экспертизаси унинг «енгил тан жароҳати олгани»ни аниқлаганди...
Қойил қолмай илож йўқ. Сурхондарёда жиноят иши қўзғатиш ҳам, уни «ёпиш» ҳам бунча осон бўлмаса?! Тағин денг, суд ходимларига нисбатан содир бўлган ҳолат бўйича ҳам!
Қисқаси, «Жарқўрғон иши» шу тариқа ёпилди. Яъники, ҳеч кимнинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ, ҳаммаёқ топ-тоза!
Тарқалинглар...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter