Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«HUMAN»  раҳбари «еб кетилган» миллиардларни қандай  тўлайди?

«HUMAN»  раҳбари «еб кетилган» миллиардларни қандай  тўлайди?

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Хабар қилинганидек, 2020 йил 27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судланувчи «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Ш.Файзуллаевга нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра, судланувчи 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди, шунингдек, унинг зиммасига жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаш мажбурияти ҳам юклатилди.

Жабрланувчилар сони 1080 нафардан ортиқ бўлиб, уларга жами 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд моддий зарар ундирилиши белгилангани инобатга олинса, судланувчи бунча пулни қандай тўлайди, деган савол кўндаланг бўлади.

Албатта, дастлабки тергов жараёнида зарарларни қоплашга қаратилган чоралар қўлланиши тайин. Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг «HUMAN иши» бўйича берган қўшимча маълумотларига қараганда, суд ҳукмида ИИВ Тергов департаментининг депозит ҳисоб-рақамида сақланаётган 1 290 913 279 сўм пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилган.

Бундан ташқари, дастлабки тергов даврида хатланган қуйидаги мол-мулклар, яъни:

  • Тошкент шаҳри, Сергели тумани, 8-мавзе, 23-уй, 16-хонадон;
  • Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Сайрам кўчаси, 109/22-уй;
  • Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Себзор Ц-17/18 мавзе, 4а-уй, 14-хонадон;
  • Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Алишер Навоий кўчаси, 75-уй;
  • давлат рақами 01 G 418 GB бўлган «Captiva» русумли автомашина;
  • Ш.Файзуллаев томонидан фаолияти даврида сотиб олинган давлат рақами 01 D 296 GB бўлган «KIA» русумли юк автомашинаси;
  • давлат рақами 10 G 400 АА бўлган «Lacetti» русумли автомашина;
  • давлат рақами 01 W 688 FB бўлган «Cobalt» русумли автомашина

ҳам ижро органлари орқали сотувга қўйилиши ва сотувдан тушган пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб берилиши ҳукмда алоҳида қайд этилган.

Шунга қарамай, ИИВ Тергов департаменти депозит ҳисоб-рақамида сақланаётган пул маблағлари ва юқорида кўрсатилган мулкларнинг хом-чўти судланувчи томонидан алданган фуқароларга етказилган зарарларни қопламаслиги эҳтимоли катта.

Негаки, Олий суд матбуот хизмати кеча тарқатган маълумотда Ш.Файзуллаевдан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 млрд. 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундириш белгилангани алоҳида қайд этилади. Хатланган мол-мулк ва депозитда сақланаётган пулларнинг умумий (ва тахминий) ҳисоб-китоби зарарни қоплаш имкониятини бермас экан, адолат тантанасида ҳақида гапиришга шошмайроқ туриш керакдай...

Эслатиб ўтамиз, «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Ш.Файзуллаев ва бошқалар минглаб фуқаролардан Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олган. Бироқ амалда уларни ҳеч қаерга юбормай жуда кўп миқдордаги маблағга фирибгарлик йўли билан эга чиққанликда айбланиб, судга тортилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг