Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Galaxy» бренди Монополияга қарши курашиш қўмитаси мансабдорларини судга берди

«Galaxy» бренди Монополияга қарши курашиш қўмитаси мансабдорларини судга берди

Икки кундирки, юртимизнинг қатор интернет нашрлари («Kun.uz», «Daryo.uz», «Uza.uz»)да Юнусобод туман маъмурий судида кўрилиши бошланган маъмурий иш юзасидан маълумотлар тарқатилмоқда, дейилади Олий суд Матбуот хизмати хабарида.

Ҳамюртларимиз иш юзасидан холис ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиши мақсадида Олий суд Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

Аниқланишича, жорий йилнинг май ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари «Torimed Pharm» (Galaxy) МЧЖга нисбатан «Colgate-Palmolive» (Cоlgate) компаниясининг товар белгиси бўйича аризасини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилинган.

Унга кўра, «Torimed Pharm» (Galaxy) МЧЖ «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси талабларини бузганлиги қайд этилган. Яъни компания инсофсиз рақобатчи деб топилган.

Шунингдек, жамиятга қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш, келгусида шу каби хатоларга йўл қўймаслик юклатилган. Мабодо, МЧЖ бошқарма қароридан норози бўлса, тегишли тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

«Торимед Pharm» (Galaxy) МЧЖ ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, мазкур қарор юзасидан судга мурожаат қилган.

Аризачи «Dentafill Plus» МЧЖ («Torimed Pharm»нинг ҳуқуқий вориси) жавобгар Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига нисбатан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан Яшнобод туман маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат қилган.

Яшнобод туман маъмурий судида иш ҳажми кўплиги сабабли иш мазмунан кўриб чиқиш учун Юнусобод туман маъмурий судига юборилган.

Суд мажлиси 2019 йил 28 июнь куни соат 12:00 га тайинланиб, ишни мазмунан кўриш бошланган. Айни чоғда белгиланган тартибда ҳужжатларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш 2019 йил 4 июль куни соат 11:00 га қолдирилган.

Эслатиб ўтилишича, амалдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси 3-қисми талабига мувофиқ, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг