Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаронинг фото тасвиридан унинг рухсатисиз фойдаланиш мумкинми?

Фуқаронинг фото тасвиридан унинг рухсатисиз фойдаланиш мумкинми?

Фото:«Imaging-resourse.com»

Фуқаронинг фото тасвиридан унинг рухсатисиз фойдаланиш мумкинми? Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Севара Ўринбоева шу ҳақда изоҳ берди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99-моддасига асосан шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи ажралмас ва дахлсиздир. Тасвирга бўлган ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган шахс Фуқаролик процессуал кодексда белгиланган тартибда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.

Бироқ, миллий қонунчиликда фуқаронинг тасвирга бўлган ҳуқуқи дахлсизлиги чегаралари аниқ белгиланмаган.

Хусусан, фуқарони оммавий тадбирларда иштирок этиш пайтида ёки жамоат жойларида тасвирга тушириш ҳамда ушбу тасвирдан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги талаб қилиниши ёки талаб қилинмаслиги масаласи қонунчиликда назарда тутилмаган.

Бу эса ўз навбатида ахборот тарқатишнинг осон ва тезкор усуллари мавжуд бўлган ҳозирги даврда жамиятда, шу жумладан Интернет тармоғида, фуқаролар ўртасида айрим низо ва тушунмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан ушбу масала бўйича хорижий давлатлар қонунчилиги ўрганилганда, аксарият давлатларда (Аргентина, Австрия, Бельгия, Дания, Хитой, АҚШ, Исроил, Италия, Россия, Швеция ва бошқа.) шахсни фото ёки видео тасвирга тушириш учун ушбу шахснинг розилиги талаб этилмаслиги маълум бўлди.

Бироқ, Бразилия, Испания ва Швейцарияда шахсни тасвирга тушириш учун албатта ушбу шахснинг розилиги олиниши шарт. Хусусан, Швейцарияда шахснинг ташқи кўринишини ҳар қандай ҳолатда ва жойларда расмга олиш унинг ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади.

Шунингдек, айрим ҳолатларда шахснинг фото ёки видео тасвирларини тарқатиш учун унинг розилиги талаб этилмайди. Масалан, оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқа) ва жамоат жойларида (таълим муассасалари, ҳаёвонот боғи, сайилгоҳлар ва бошқа) олинган тасвирлар (Дания, Франция, Россия); шахснинг тасвири туширилган нашрлар фақат илмий, педагогик ёки маданий мақсадлар учун фойдаланилса (Чехия); фотосурат бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки амалга ошириш, шунингдек давлат ва жамоат манфаатлари учун фойдаланганда (Бразилия, Канада).

Ўрганиш натижаларига асосан, мазкур масаланинг бугунги кунда долзарблиги инобатга олинган ҳолда вазирлик томонидан миллий қонунчиликка шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш механизмларини аниқ белгиловчи нормани киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг