Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Федерал қидирувда бўлган бухороликнинг уч йилга озодлиги чекланди

Федерал қидирувда бўлган бухороликнинг уч йилга озодлиги чекланди

Фото: «Xabar.uz»

Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрида полиция ходимига пора берган Ғиждувон туманилик фуқаро Б.В.тергов жараёнида Ўзбекистонга қочиб келиб, федерал қидирув билан уч йилга озодлиги чекланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди раиси Бобур Умаров маълум қилди.

Ҳолатга кўра, ғиждувонлик фуқаро Б.В. яқин қариндоши У.К. га  тегишли бўлган юк ташишга мўлжалланган автомашинада Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри бўйлаб сайр қилиб юришган.  У.К. автомобиль бошқаруви давомида Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12.26-моддаси 1-қисми, 19.3-моддаси, 12.15-моддаси 4-қисми, 12.12-моддаси 3-қисми ва 12.25-моддаси 2-қисмида белгиланган қоидабузарликларни содир этган. Россия ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан унга тўхтатилиши ҳақида ишора берилган. У.К. спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун қўрққани боис, огоҳлантирувларга қарамай, автомашинани тўхтатмасдан ҳаракатланган. Шундан сўнг ЙҲХБ ходимлари уларнинг изидан хизмат автомашинасида қувиб келаётганини кўриб, У.К. ўз бошқарувидаги автомашина тезлигини оширган. «Ветеранов» кўчасида жойлашган кўп қавватли уйлар томон ҳаракатланган. Шу пайт ЙҲХБ ходимлари ўқотар қурол ёрдамида автомашинанинг шиналаридан отишган. Автомобил балонлари тешилгани туфайли улар автомобилни тўхтатишган ва ундан тушиб, турли томонга қараб қочишган.

Орадан кўп ўтмай, У.К. яқин қариндоши бўлган Б.В.га қўнғироқ қилиб, қўлга олинганини айтган. Б.В. унга ёрдам бериш мақсадида ўзига тегишли велосипедда ҳодиса жойига борган. Бу пайтда У.К. полиция хизмат автомашинаси ичида бўлган. Б.В. эса бу вазиятда полиция ходимларига пул таклиф қилган ва муаммони ечишда кўмак сўраган.

Полиция ходими Б.В.га хизмат ишига аралашмасдан уйига кетишини, ҳеч қандай келишув бўлмаслигини айтган. Бироқ, Б.В. орган ходимининг огоҳлантиришига қарамай, ўзи билан олиб келган 23 минг Россия рублини хизмат автомобили олд ўриндиқлари орасида жойлашган барга қўйган. Айни шу пайтда  ЙҲХБ ходими  хизмат автомобили эшикларини қулфлаб,  воқеа жойига бир неча полиция ходимлари ва терговчиларни чақирган. Б.В. полиция хизмати ходимларидан жиянига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва уни қўйиб юборишларини сўраган, барча хато ва камчиликлар ўз айби билан юзага келганини тан олган.

Шундан сўнг РФ Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармаси, Кировск тумани бўйича тергов бўлими томонидан фуқаро Б.В.га нисбатан РФ ЖКнинг турли моддалари билан айблов эълон қилинган. Унга вақтинча яшаш ҳудудини тарк этмаслик ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шундан сўнг Б.В. терговдан қочиб, Ўзбекистонга қайтиб келган. Россия федерацияси тергов органидан яширингани боис, унга нисбатан федерал қидирув эълон қилинган. Айбдорга нисбатан Россия Федерацияси Бош прокуратураси томонидан Кишинёв Конвенцияси талаблари асосида жиноий таъқибни давом эттириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Мазкур иши жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди томонидан кўриб чиқилган ва  Б.В. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси турли моддалари билан айбли, деб топилган ва унга нисбатан уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг