Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада депутат (дийдиё қилиб ўтирмай) мансабдорни судга берди

Фарғонада депутат (дийдиё қилиб ўтирмай) мансабдорни судга берди

Бировни, хусусан, амалдорни судга бериш кутилмаган ҳолат ҳисобланмайди. Туман миқёсидаги амалдордан тортиб, ҳатто ҳукумат аъзосигача судга берилаётир бугун. Тўғри, натижалар дўппини осмонга отгудек эмас. Бироқ катта-ю кичикда ўз ҳуқуқига нисбатан даъвогарлик ҳисси шаклланиб бормоқдаки, бу эрта-бир кун кутилган натижани беражак, насиб...

Асосий гапга ўтсак.

Журналист ва ҳуқуқшунос Зафар Солижоновнинг ёзишича, халқ депутатлари Олтиариқ туман кенгаши депутати Ўткирбек Отабоев «Обод қишлоқ» давлат дастурининг 2019 йилдаги ижроси юзасидан туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Камолиддин Қобиловга депутатлик сўрови юборган. Бироқ К.Қобилов сўровни жавобсиз қолдиргач, депутат уни маъмурий судга беради.

Июль ойининг ўрталарида суд бўлиб, мансабдор маъмурий жарима (446 минг сўм) жазосига тортилгани айтилади.

Оддийгина кўринган мазкур воқеликнинг муҳим нуқтаси бор. Яъниким, кўп депутатларимиз ўз сўровига жавоб қайтармагани учун амалдорлардан ёзғириб юришади. Мана, дийдиё қилавермай судга берса, осмон узилиб ерга тушмас экан. Иккинчидан, жаримадан мансабдорнинг бели чиқиб кетмайди, албатта. Бироқ ҳушёр тортиши эҳтимоли катта. Бунинг учун депутатлар қонун билан кафолатлаб қўйилган ҳуқуқларидан самарали фойдаланса, бас. Зеро, қарсак чалавериш билан кафт қаваради, холос. Бундан на жамият, на сайловчилар фойда кўрган — яқин тарихдаги аччиқ тажрибалар бунга мисол.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг